Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликлар кўлами янада кенгаймоқда
Жорий йилнинг 16 август куни Ўзбекистон Республикасининг ҳукумат делегацияси таркибида Бишкекка ташриф буюрган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев билан учрашди
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини мен Аҳмаджон Сулаймонов эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз “Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликлар кўламининг янада кенгаётганлиги”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Ўзбекистон ва Қирғизистон республикалари ташқи ишлар вазирлари икки томонлама алоқаларнинг истиқболлари ва унинг ривожланиши ҳақида суҳбат ва музокара ўтказишди. 2017 йилнинг 16 август куни Ўзбекистон Республикасининг ҳукумат делегацияси таркибида Бишкекка ташриф буюрган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев билан учрашди. Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, 2016 йил декабрь ойида Самарқанд шаҳрида ва 2017 йил июнь ойида Остона шаҳрида олий даражадаги учрашув ва музокаралар доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди. Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Бош вазири Сооронбай Жеэнбеков раислигида Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган икки томонлама ҳамкорлик бўйича ва Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ўзбекистон-Қирғизистон ҳукуматлараро комиссиялари мажлисларининг самарали якунлари вазирлар томонидан юқори баҳоланди.
Ҳукумат раҳбарлари учрашувларда янгича динамика касб этган ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантириш ҳамда транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, маданият, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан, туризм соҳаларида алоқаларни чуқурлаштиришга келишиб олдилар. Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари олий даражада бўлиб ўтадиган ташрифнинг санаси ва кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар. Абдулазиз Камилов Эрлан Абдилдаевни жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида БМТ шафиқлигида Ўзбекистон томонидан ўтказиладиган Марказий Осиёда ҳавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича халқаро конференция ишида иштирок этишга расман таклиф этди. «Биз Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигига рахна солувчи барча тўсиқларни олиб ташлаймиз», — деган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган икки томонлама ҳамкорлик, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилишида. Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбарларининг доимий мулоқотда бўлиб тургани сабабли 2016 йилдан буён икки давлат ўртасида барча асосий йўналишлар бўйича икки томонлама муносабатлар сезиларли тарзда жонланган.
Ўзбекистон Бош вазирининг қайд этишича, саккиз йиллик танаффусдан сўнг ишларнинг қайта тикланиши — икки томонлама ҳамкорлик ҳолатини таҳлил қилиш ва ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий чора-тадбирларини ишлаш учун яхши имкониятдир. Ўзбекистон бош вазири Савдо-иқтисодий муносабатларга тўхталар экан, Ўзбекистонда 2017–2021 йиллар учун ҳаракатлар стартегияси қабул қилинганини қайд этиб, унга кўра иқтисодиётнинг ўсишини таъминлаш, уни либераллаштириш ва рақобатбардошлигини ошириш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилганини айтиб ўтди. Мамлактимизда автомобилсозлик, нефт-кимё, фармацевтика ва маиший электрониканинг бир қатор юқори технологияли соҳалари яратилди. Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, электротехника, кимё ва текстил саноати илғор хорижий технологиялар асосида тубдан замонавийлаштирилди. Бизнинг қирғизистонлик ҳамкасбларимиз ҳам ана шундай натижаларга эришган, деб умид қиламиз, — деган Ўзбекистон бош вазири. Унинг сўзларига кўра 2017 йил октябрь ойида икки мамлакатда бир вақтнинг ўзида ташкиллаштириладиган маданият кунлари бўлиб ўтиши кутилмоқда. «Биз ҳамма нарсани қайта кўриб чиқиб, тоза варақдан бошлашимиз, ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ажратилган вақт ўрнини тўлдиришимиз керак», — деган Ўзбекистон ҳукумат раҳбари.
Ариповнинг айтишича, икки мамлакат тегишли идораларига ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ҳамда уни диверсификация қилиш, инвестицион ҳамкорликни кучайтириш ва ишбилармон доиралар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиш топширилган. Ўзбекистон ҳукумати раҳбари томонлар фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, туризм, спорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканликларини тасдиқлашганини билдирди. У Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қўшни мамлакатлар, хусусан Қирғизистон билан икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият бераётганлигини таъкидлади. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг 84 фоизлик қисми бўйича сиёсий қарор қабул қилинди. Бу ҳақда бугун Бишкекда бўлиб ўтган Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ўзбекистон-Қирғизистон ҳукуматлараро комиссиялари мажлиси якунида Қирғизистон бош вазири ўринбосари Жениш Разаков маълум қилди.
Қирғизистон бош вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, чегараларнинг тахминан 84 фоизлик қисми оралиқ битим лойиҳасига киритилган. «Бу катта муваффақият. Бу бизнинг картографларимиз, ер ўлчовчи мутахассисларимиз, ишчи комиссиясининг барча аъзоларининг муваффақиятидир. Энди техник ишларни якунлашимиз керак», — деган Жениш Разаков. Унинг сўзларига кўра, чегараларни аниқлаш бўйича ишлар якунланиб, ҳужжатлар имзолангач, чегара ҳудудларида зиддиятлар даражаси бир неча марта камайишига эришилади.
У анклав ҳудудлар масаласи алоҳида кўриб чиқилишини қайд этиб ўтган. Жениш Разаковнинг аниқлик киритишича, оралиқ келишув имзолангач, Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича умумий келишув имзоланади. Маъумот учун, Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси 1378 километрни ташкил қилади. Қирғизистон томони чегаранинг аниқлаб бўлинган ҳудуди 1003 километрни ташкил этишини билдирган, Ўзбекистон томони эса 701 километр аниқлаб бўлинган деган хулосага келган. Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган ўнлаб ҳудуд бор. Ўзбек-қирғиз давлат чегарасини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш бўйича ўтказилган самарали музокаралар алоҳида қониқиш ҳиссини уйғотди. Музокаралар натижаларига кўра баённомалар имзоланди.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.