БМТ махсус маърузачиси ‘Жаслиқ’қа ҳам боради
(last modified Wed, 04 Oct 2017 07:17:42 GMT )
октябр 04, 2017 12:17 Asia/Tashkent
  • БМТ махсус маърузачиси ‘Жаслиқ’қа ҳам боради
    БМТ махсус маърузачиси ‘Жаслиқ’қа ҳам боради

Ўзбекистон Ҳуқуқ фаоллари мустақил ташаббус гуруҳи раҳбарига кўра, Аҳмад Шаҳид қамоқхонага ташрифи чоғида у ердаги маҳбуслар билан учрашиши ҳам мумкин.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси  душанба куни 10 кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келган.

Аҳмад Шаҳид Ўзбекистонга сафарининг илк кунидаёқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашган.

Таъкидлаш жоиз, бу - БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачисининг Ўзбекистонга илк ташрифи бўлади.

Расмий хабарларга кўра, Аҳмад Шаҳид Ўзбекистонга 10 кунлик сафари чоғида мамлакат Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ички ишлар, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Конституцион ва Олий суд, Бош прокуратура, Диний ишлар, Хотин-қизлар қўмитаси ва Мусулмонлар бошқармасида учрашувлар ўтказади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Омбудсмани билан ҳам учрашади.

Ўзбекистон Ҳуқуқ фаоллари мустақил ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовнинг маълум қилишича, БМТ махсус маърузачиси 2 октябрь куни ўзлари дохил ўнга яқин маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари билан ҳам учрашган.

Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачи Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон Ҳуқуқлари бўйича Кенгаши томонидан тайинланувчи мустақил экспертидир.

Аҳмад Шаҳид бу вазифани 2016 йил 1 ноябридан бошлаб бажариб келади.

Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачи ташкилотга аъзо давлатлардаги диний эркинлик билан боғлиқ вазият ва муаммоларни ўрганади.

Ўз навбатида, муаммовий вазиятларни ўнглаш учун ўз тавсияларини ҳам беради.

 

Ёрлиқ