Владимирдаги ЙТҲда ҳалок бўлганлар сони 21 кишигача ошди
Улардан 3 нафарини болалар ташкил қилмоқда. Ҳаммаси бўлиб автобусда ҳайдовчи билан бирга 58 киши бўлган.
Россиянинг Владимир вилоятида ўзбекистонлик фуқаролар бўлган автобус ва поезд иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлганлар сони 21 нафаргача ошди. Бу ҳақда "Интерфакс" ахборот агентлиги хабар бермоқд.
Улардан 3 нафарини болалар ташкил қилмоқда. Ҳаммаси бўлиб автобусда ҳайдовчи билан бирга 58 киши бўлган. Бундан аввалги хабарларда ЙТҲ оқибатида 17 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган эди. Дастлабки версияга кўра, автобус тирбандликка тушиб қолган. Ҳайдовчи айланиб ўтмоқчи бўлган, бунинг учун ён трассадан темир йўлга чиққан.
Лекин автобус темир йўл устида бузилиб қолган. Поезд келиб урилишидан олдин автобусдан чиқишга улгурганлар омон қолган. Улар аввалига автобусни итариб четга олиб чиқмоқчи бўлишган, аммо бунинг иложи бўлмаган. Аввалроқ, ЙТҲ оқибатида жароҳатланган ўзбекистонликларни ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб қайтадиган махсус самолёт Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги аэропортга қўниши хабар берилган эди.
Маълум бўлишича, йўл-транспорт ҳодисасига учраган автобусда бўлганларнинг аксар қисми Сурхондарё вилоятидан бўлган. Автоҳалокат 6 октябрь Москва вақти билан соат 03:30ларда Владимир вилоятидаги темир йўл кесишмасида содир бўлган. ЙТҲда темир йўл изларидан ўтиш жойида тўхтаб қолган автобусга поезд келиб урилган.