Ўзбекистонликлар қонунбузарлик қилиш бўйича етакчилик қилмоқда
ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. Москва полицияси хорижий фуқаролар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар таҳлилини маълум қилди. Унга кўра, Москва шаҳрида ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти собиқ Иттифоқ республикалари фуқаролари томонидан содир этилган.
"Жорий йилда Москва ҳудудида хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан жами 4,5 мингдан ортиқ жиноят содир этилган. Жиноятларнинг аксарияти Ўзбекистон, Украина ва Қирғизистон республикаларидан келган фуқаролар томонидан содир этилган", — деб таъкидлади Россия ИИВ бош бошқарма бошлиғи Олег Баранов Федерация Кенгаши йиғилиши чоғида.
Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Чунки фоиз миқдорида олинадиган бўлса Россия ва Москва ҳудудида энг кўп айнан шу давлат фуқаролари яшайди.
Шу билан бирга, Москва ҳудудида ноқонуний миграция ҳолатларини аниқлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳисоб-китоб қилинди. ИИВнинг Москва шаҳри бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Москвада 1,3 млн хорижий фуқаро бор. Улардан 70 фоизи меҳнат фаолиятини амалга оширишмоқда.