Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга уюштирган расмий сафари
(last modified Thu, 26 Oct 2017 07:03:38 GMT )
октябр 26, 2017 12:03 Asia/Tashkent

Ўзбекистон ва Туркия президентлари Шавкат Мирзиёев ва Тойиб Эрдўғон ўртасида ўтказилган музокаралар якунида икки мамлакат ўртасида ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 20 дан зиёд ҳужжат имзоланди

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини мен Аҳмаджон Сулаймонов  эътиборингизга ҳавола этаман.  

      Бугунги  суҳбатимиз “Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга уюштирган расмий сафари”га доир мавзуга бағишланади.      

      Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

       Ўзбекистон ва Туркия президентлари Шавкат Мирзиёев ва Тойиб Эрдўғон ўртасида ўтказилган музокаралар якунида икки мамлакат ўртасида ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 20 дан зиёд ҳужжат имзоланди. 25 октябр куни Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг таклифига биноан Туркияга ташриф буюрган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган Эсонбуға халқаро аэропортида Туркия Бош вазирининг ўринбосари Бекир Боздағ ва бошқа расмийлар томонидан кутиб олинди. Ўзбекистон Президенти Анқарада Туркия президенти билан учрашди. Учрашув олдидан Ўзбекистон Президентини кутиб олиш расмий маросими бўлиб ўтди. Маросим давомида Ўзбекистон ва Туркия мадҳиялари янграган. Мирзиёев ва Эрдўғон фахрий қоровул олдидан ўтган. Шавкат Мирзиёев ташриф доирасида Анқарадаги президент қароргоҳида Ражаб Тоййиб Эрдўған билан музокаралар ўтказди. Музокаралар давомида Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тойиб Эрдўғон давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини имзоладилар. Шунингдек, савдо, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, юк ташиш, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Мирзиёев ва Эрдўғон музокаралар ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида ўтганини, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги узоқ истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар. Ўзбекистон Туркияга нима етказиб беради? Ўзбекистон кенг турдаги саноат маҳсулотлари, трансформаторлар, кабель ўтказгичлар ва бошқа электротехника товарлари, полимерлар, мис ва мис маҳсулотлари, минерал ўғитлар, ип-калава, мева-сабзавот, қайта ишланган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилиши мумкин. Шу мақсадда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Туркия ҳукуматлараро комиссияси мажлисларини мунтазам йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди. Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, энг аввало, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида минерал ва хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш рағбатлантирилади.

    Энергетика ва фойдали қазилмалар, жумладан, қайта тикланадиган энергия, энергияни тежаш ва углеводородлар соҳаларида ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш ҳамда тажриба алмашиш қўллаб-қувватланди. Транспорт ва логистика соҳасида икки давлатни бир-бири билан боғлайдиган транспорт йўлакларини кенгайтириш савдо-иқтисодий алоқалар ривожида муҳим омил бўлиши қайд этилди. Икки мамлакат ҳудуди орқали ўтувчи халқаро транспорт йўлакларининг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини ошириш мақсадида транзит тарифларини мақбуллаштириш ва преференциялар тақдим қилишга келишиб олинди. Икки мамлакат ўртасида мунтазам парвозлар сони оширилади. Мирзиёев ва Эрдўғон Самарқанд ва Истанбул шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш бўйича эришилган келишувни мамнуният билан қайд этиб, фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш, мунтазам парвозлар сонини ошириш ва янги парвозларни йўлга қўйиш тарафдори эканликларини тасдиқладилар. Ўзбекистон ҳам, Туркия ҳам туризм соҳасида улкан имкониятларга эга. Бу салоҳиятдан тўла фойдаланиш, сайёҳлар алмашинувини ошириш улкан иқтисодий самара беради. Ўзбекистон президенти томонидан яқинда қабул қилинган Туркия фуқаролари учун виза тартибини соддалаштиришга оид қарори бу борада муҳим қадам бўлди. Қарор асосида тадбиркорлик ва сайёҳлик мақсадида Ўзбекистонга боришни истаган Туркия фуқаролари учун визалар тез ва осон тақдим этилади. Терроризмга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик

     Туркия ва Ўзбекистон БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг позициялари бир-бирига ўхшаш ёки яқиндир. Президентлар минтақавий ва халқаро даражада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш истагида эканликларини таъкидлаб, кўп томонлама тузилмалар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга интилишларини билдирдилар. Томонлар халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, наркотикларнинг ноқонуний муомаласи, трансмиллий уюшган жиноятчилик, шунингдек, бошқа таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда икки томонлама ва кўп томонлама тузилмалар доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар. Фан, таълим, маданият соҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. Туркия Ўзбекистонда буюк алломалар меросини ўрганиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга қаратилган ташаббуслар ва амалий ишларни юқори баҳолади.     Олимлар ва илмий марказлар ўртасидаги алоқалар, маънавий ва маданий меросни биргаликда ўрганишга қаратилган лойиҳалар икки халқ дўстлигини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши таъкидланди. Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир бир қатор ҳужжатлар имзоланди.

       Ўзбекистон раҳбарининг таъкидлашича, бугун Истанбул шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-Туркия бизнес-форумида 3,5 млрд. доллар ҳажмидаги 35 та лойиҳа имзоланади. “Албатта, турк тадбиркорлари ва мутахассисларини Ўзбекистонга жалб этишда виза масаласида енгилликлар яратиш муҳим ўрин тутади. Бу борада яқинда алоҳида қарор қабул қилдик. Бу катта ишимизнинг бошланиши. Шундай кунлар келадики, виза масаласи бундай дўст, биродар халқ орасида бўлиши мумкин эмас. Шунга биз албатта ҳаракат қиламиз”, - деган Мирзиёев. Ўзбекистон раҳбари Туркия президентига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирган. Ўз навбатида, Туркиянинг муҳтарам президентини ўзлари учун қулай фурсатда Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширишга таклиф қиламан, - деди Ўзбекистон президенти. Экспертлар Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи тарихий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи тарихий аҳамиятга эга, чунки у узоқ вақт давомида турғун ҳолатта турган Анқара ва Тошкентнинг икки томонлама алоқаларини ривожлантиришга туртки беради, деб ҳисоблайди экспертлар. «Мирзиёев Ўзбекистон президенти лавозимидаги фаолиятига киришганига тахминан бир йил бўлди. Халқаро кузатувчилар ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон келаси ўн йил ичида нафақат Марказий Осиёда, балки Евросиёда ҳам энг тез ривожланаётган мамлакатга айланади, аҳоли бошига ялпи ички маҳсулотнинг энг тез ўсишини намойиш қилади». Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда. 

       Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.

      Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

Ёрлиқ