Ўзбекистоннинг иккита вилоят ҳокими ва вилоят прокурори ишдан олинди
Ҳокимларнинг ишдан олинишига 2017 йилги пахта мавсумида ушбу вилоятларда ҳосил қўшиб ёзишга йўл қўйилгани сабаб бўлган
Ўзбекистоннинг иккита вилоят ҳокими ва вилоят прокурори ишдан олинди. Тошкент вилояти ҳокими Шукрулло Бобоев ва Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқов президент томонидан ишдан олинди. «Kun.uz» манбаларининг маълум қилишича, бугун 30 октябр тонгида бош вазир Абдулла Арипов иштирокида ўтказилган видеоселекторда ушбу ҳокимлар лавозимдан озод этилгани ҳақида маълум қилинган.
Ҳокимларнинг ишдан олинишига 2017 йилги пахта мавсумида ушбу вилоятларда ҳосил қўшиб ёзишга йўл қўйилгани сабаб бўлган.
Худди шу сабаб билан Тошкент вилояти прокурори Жамшид Файзиев ҳамда Жиззах вилояти прокурори Азимжон Эргашев лавозимдан озод этилган. «Kun.uz» манбасининг маълумотига кўра, Тошкент вилоятида пахта ҳосили қўшиб ёзилиши 12 фоиз бўлган. Маълумот учун, Республика вилоятларида 2017 йил ҳосилидан пахта хомашёси тайёрлаш тўғрисидаги маълумотномага кўра, 28 октябрь куни Тошкент вилоятида пахта режаси 82,98 фоизни ташкил этаётган эди. Бу вақтда Жиззах вилоятида кўрсаткич 83,44 фоиз эди. Бу вилоятда қанча пахта қўшиб ёзилгани номаълум. Ишдан бўшатилган ҳокимлар ва прокурорларнинг ҳаракатлари юзасидан суриштирув ишлари бошланган.
Шунингдек, мавсумда пахта топшириш режасини биринчилардан бўлиб бажарган Хоразм вилояти ҳокими ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарига ҳам шу масалада эътирозлар билдирилган.