Шавкат Мирзиёев Эрон президенти ва халқига ҳамдардлик билдирди
Шавкат Мирзиёев Эроннинг Кирмоншоҳ ва Илом вилоятларида кучли зилзила натижасида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳонийга ҳамдардлик билдирди.
Шунингдек, БМТ бош котиби, Европа иттифоқининг ташқи сиёсати бўйича масъули, Россия, Афғонистон, Озарбайжон,Туркия, Канада президентлари, Ҳиндистон бош вазири, Покистон ташқи ишлар вазири ва турли мамлакатларнинг етакчилари ва расмийлари Эронда юз берган ер қимилаши ортидан қурбон бўлганларнинг яқинларига ва давлатга ўз ҳамдардликларини билдиришди.
12 ноябрь куни кечки соат 09:18 да Эрон ва Ироқ чегараси ҳудудида содир бўлган 7,3 балли зилзила Яқин Шарқнинг деярли барча ҳудудларида сезилди.
Охирги хабарларга кўра, зилзила қурбонлари сони 341 нафар, 6000 нафардан ортиқ киши табиий офат оқибатида жароҳатланган.