Тожикистонга Ўзбекистон газини етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борилмоқда
ТОШКЕНТ, 23 ноя — Sputnik. Тошкент ва Душанбе Тожикистонга Ўзбекистон газини етказиб бериш бўйича музокара олиб бормоқда, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
"Ҳа, дарҳақиқат, бизда Тожикистонга табиий газни етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Лекин якуний қарор юқори даражада қабул қилинади. Ҳозирча газ етказиш ҳажми ва бошлаш муддатлари ҳақида аниқ маълумот йўқ", — деб изоҳ берган Sputnik мухбирига "Ўзтрансгаз" компанияси бошқарма бошлиғи Акмал Эшоқулов.
Томонлар келишувга эришса, Тожикистонга сўнгги беш йил ичида илк бор Ўзбекистон табиий гази етказиб берилади. Таъкидлаб ўтамизки, 2012 йилда Хитой ва Россияга газ етказиш кўпайиб кетганлиги сабабли Тожикистонга табиий газ сотиш тўхтатилганди.