Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айланмаси 5 миллиард долларга етказилиши кутилмоқда
(last modified Sat, 02 Dec 2017 09:13:06 GMT )
декабр 02, 2017 14:13 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Россия
    Ўзбекистон ва Россия

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. 2016 йилда мамлакатлараро товар айланмаси 4,2 миллиард долларни ташкил қилди. Жорий йилда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Кун.ўз сайтининг хабар қилишича, 2017 йилнинг илк 9 ойида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айланмаси 2,4 миллиардни ташкил қилган, бу ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 23 фоизга кўп демакдир. KUN.UZ мухбири Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденевнинг сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

"Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги 900дан зиёд корхоналар фаолият юритмоқда. Россия ҳудудида эса тахминан 500 ўзбек субъекти мавжуд. Россиянинг бугунги кунга қадар Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармояси 7 миллиард доллардан ошади. У Ўзбекистоннинг етакчи савдо ҳамкоридир", - дейди элчи. 

Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида Россия иштирокидаги энг йирик сармоявий лойиҳалар қаторида Қандим газни қайта ишлаш заводи, Жиззах нефтни қайта ишлаш заводи, Тошкент вилоятида мис-бойитиш комплексини қуриш, Бекободдаги металлургия комбинати ва Оҳангарондаги цемент заводини модернизациялаш, "Газпром"нинг Қорақалпоғистон ва Сурхондарёдаги фаолиятини йўлга қўйиш устида биргаликда ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. 

Владимир Тюрденев Ўзбекистон ва Россия ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашганини алоҳида қайд этди. "Яқинда Жиззах вилоятининг Фориш полигонида ўтказилган Ўзбекистон-Россия ҳарбий машғулотлари бунинг тасдиғи бўлиб хизмат қилади. Шунингдек минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича  Ўзбекистон-Россия юксак даражадаги идоралараро маслаҳатлашуви ҳам шу мақсадларга йўналтирилган", - деди у. 

Ёрлиқ