Ўзбекистонда 2017 йилда инфляция 12-14 % бўлиши айтилади
(last modified Mon, 04 Dec 2017 10:16:42 GMT )
декабр 04, 2017 15:16 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон
    Ўзбекистон

ТОШКЕНТ, 4 дек – Sputnik. Ўзбекистон Марказий банк прогнозига кўра, 2017 йил якунига қадар инфляция миқдори 12-14 %ни ташкил қилиши мумкин. Бу ўтган йилгига (5,7%) нисбатан 2,5 барава кўп.

Маҳсулот ва хизматларнинг истеъмол баҳолари индекси бўйича ҳисобланган ушбу инфляция миқдорида, асосий ўсиш — озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларида кузатилган. Хизматлар нархи эса – камроқ ошган.

 

Озиқ-овқат маҳсулотлари

Озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича нархлар ўртача 9,4 % ўсган. 2016 йилнинг ушбу даврида ўсиш — 2,5 %га камайган эди.  

Энг сезиларли даражада нархлар мол, қўй ва парранда гўшти, шакар, айрим турдаги мева-сабзавотлар нархлари ўсган. Айрим сабзавотлар нархи ошишига касаллик ва зараркунандалар сабаб бўлган бўлса, бошқаларининг нархи ошишига – уларни экспорт қилиш туфайли ички бозорда ҳажми камайиши сабаб бўлган.

Хусусан, январь-август ойларида сабзи экспорти 3 мартага, олма экспорти 2,3 мартага, помидор экспорти 1,4 мартага ортди. Тухум экспортининг йўлга қўйилиши ҳам унинг ички бозорда 10 %га нархи ошишига олиб келган.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари

Ушбу гуруҳ маҳсулотлар нархи 10,3 % га ошган. (2016 йилнинг мос даврида ўсиш — 7,2 % бўлган эди).

Хусусан, кийим-кечаклар нархи 10,9 %, пойабзал нархи 10,2 %, қурилиш моллари 10,7 %,асосий маиший маҳсулотлар 11,5 %, ювиш ва тозалаш воситалари 11,2 %, маданий моллар 9,5 %, алоқа воситалари 10,7 %га қимматлашган.