Роғун ГЭСнинг биринчи агрегати 2018 йилнинг 16 ноябрь куни ишга туширилади
(last modified Thu, 01 Feb 2018 06:04:28 GMT )
феврал 01, 2018 11:04 Asia/Tashkent
  • Роғун ГЭСнинг биринчи агрегати 2018 йилнинг 16 ноябрь куни ишга туширилади

Италия компанияси раҳбари Имомали Раҳмонга Роғун бўйича ваъда берди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон кеча Тожикистон Республикаси ҳукумати қароргоҳида «Салини Импрежило» компанияси раҳбари Пиетро Салинини қабул қилди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, томонлар муҳим гидроэнергетик иншоотдаги қурилиш ишлари даражаси ва сифати юзасидан фикр алмашган, лойиҳа ишларининг ўз вақтида бажарилишини муҳокама этган.

Ишонч билдирилишича, Роғун ГЭС тўғони қурилиши пудратчиси «Салини Импрежило» (Salini Impregilo) компанияси объект қурилишида лойиҳа ишларини бажариш бўйича керакли чора-тадбирларни кўради ҳамда уларни ўз вақтида ва юқори сифатда якунлайди.

Учрашувда Роғун ГЭС қурилиши ва уни тиклаш бўйича икки томонлама мажбуриятларга алоқадор бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинган.

Имомали Раҳмон билан учрашувдан сўнг «Салини Импрежило» (Salini Impregilo) компанияси раҳбари Пиетро Салинининг журналистларга маълум қилишича, Роғун ГЭСнинг биринчи агрегати 2018 йилнинг 16 ноябрь куни ишга туширилади.

«Мен бугун Роғун ГЭС қурилиш майдонида бўлдим ва ҳурматли Имомали Раҳмонга бу сафар натижалари ҳақида ҳисобот бердим. Айтишим керакки, қурилиш майдонида ишлар яхши кетмоқда ҳамда унинг алоҳида участкаларида кўплаб қурувчилар меҳнат қилмоқда. Мени қурилиш ишларидаги муваффақиятлар қувонтирди, давлат раҳбарига Роғун ГЭСнинг биринчи агрегати жорий йилнинг 16 ноябрь куни ишга туширилишини ваъда қилдим», - дея маълумот берган Салини.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири Усмонали Усмонзода Роғун ГЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар бажарилмоқда, гидростанциянинг биринчи агрегатини жорий йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилаётгани ҳақида хабар қилганди.