Исломободда Ўзбекистон ва Покистон ТИВ раҳбарлари учрашдилар
Кеча Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов Исломобод шаҳрида покистонлик касбдоши Хаваж Муҳаммад Осиф билан учрашиб мулоқот қилди.
Кун.уз сайтининг хабар қилишича, суҳбат чоғида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан Ўзбекистон-Покистон муносабатларининг кун тартиби ва БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги алоқалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга, аввало савдо-иқтисодий, инвестицион, транспорт-коммуникация, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлашга томонлар тайёр эканлиги тасдиқланди.
Таъкидланганидек, икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги мунтазам алоқалар Ўзбекистон ва Покистоннинг етакчи компания ва фирмалари, банк-молия тузилмалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш истиқболларини оптимистик руҳда баҳолаш имконини яратади.