Ўзбекистон ИИВ Interpol’нинг Туркиядаги бюроси билан ҳамкорликларини мустаҳкамлайди
(last modified Thu, 15 Feb 2018 14:30:20 GMT )
феврал 15, 2018 19:30 Asia/Tashkent
  •  Interpol’
    Interpol’

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Interpol’нинг Анқарадаги Миллий марказий бюроси бошқармаси билан Сурия ва Ироқ давлатларида террорчилик гуруҳлари томонида туриб жанг қилган ва жанг қилиб келаётганларнинг шахсини аниқлаш ва қидириш борасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди, деб хабар берди ЎзА.

Дарё.уз сайтига кўра,ушбу йўналишдаги ҳамкорлик тадбирлари билан боғлиқ масалалар Interpol’нинг Анқарадаги Миллий марказий бюроси раҳбари Лутфи Чичек бошчилигидаги Туркия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида муҳокама қилинган.

Халқаро ҳамкорлик бошқармасида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон билан Туркия ўртасида барча соҳалар қатори дунёда хавфсизлик ва тинчликни сақлашга қаратилган ҳуқуқ-тартибот соҳасида ҳам мустаҳкам алоқалар ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатилгани алоҳида қайд этилган.

Тадбирда халқаро терроризм, диний экстремизм, сепаратизм, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши, одам савдоси каби трансмиллий жиноятчилик кўринишларининг тобора кенгроқ намоён бўлиб бораётган бугунги кунда Туркия ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг биргаликдаги ҳаракатини кучайтириш, ҳамкорликни янада юқори даражага кўтариш зарурлиги қайд этилган.