ШОШИЛИНЧ: Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров ҳибсга олинди
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i30081-ШОШИЛИНЧ_Ўзбекистон_собиқ_Бош_прокурори_Рашиджон_Қодиров_ҳибсга_олинди
ОАВда тарқалган бу хабарни Ӯзбекистон расмий доиралари тасдиқламаган ва инкор ҳам қилишмаган
(last modified 2021-06-18T08:44:46+00:00 )
феврал 22, 2018 17:43 Asia/Tashkent
  • ШОШИЛИНЧ: Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров ҳибсга олинди

ОАВда тарқалган бу хабарни Ӯзбекистон расмий доиралари тасдиқламаган ва инкор ҳам қилишмаган

Ўзбекистон Бош прокуратураси мулозимининг ОАВга билдиришича, мамлакат собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров 22 февраль куни Тошкентда ҳибсга олинган.

Айтилишича, Рашиджон Қодировга нисбатан йирик миқдорда давлат мулкини ўзлаштириш ва хориж банклари воситасида пул ювиш амалиëтларини ўтказиш айби қўйилган ва унга нисбатан ҳибсга олиш эҳтиëт чораси қўлланилган.

 Бош прокуратурага 15 йил раҳбарлик қилган Рашиджон Қодиров 2015 йил апрель ойида ишдан бўшатилган эди.

Ҳуқуқ идоралари фаолиятини танқид қилишни прокуратурадан бошлаган президент Шавкат Мирзиëев 2017 йилнинг 2 август куни ўтказган видеоселектор йиғинида¸ прокурорларни "энг катта ўғри"лар деб атаган ва бунинг учун исмини очиқламай туриб¸ Қодировни айблаган эди.

- Мана биз янги Бош прокурорни қўйдик ва 80 фоиз одамни ўзгартирдик. Олдинги қолган ахлатдан¸ олдинги Бош прокурор қолдирган ўғри тизимдан 20-15 фоиз одамлар юрипти. Буларни барибир ўзгартирамиз охиригача¸" деган эди жумладан Мирзиëев.

 1952 йили Андижонда туғилган, ТошДУ (Миллий Университет) ҳуқуқ факультетини тугатган Рашиджон Ҳамидович Қодиров 1980 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат хавфсизлик хизмати (КГБ) тергов бўлимида ишлаган.

Андижон области партия қўмитаси собиқ секретарининг ўғли Рашид Қодиров 1992 йилда Ўзбекистон МХХ раис ўринбосари лавозимига тайинланади. 1994 йили эса Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари лавозимини эгаллайди.

2000 йилда бош прокурор этиб тайинланган Қодиров бу вазифада икки муддат ишлаганидан кейин 2010 йилда мамлакат парламенти томонидан учинчи марта лавозимида қолдирилади.

Рашид Қодиров 1-даражали давлат адлия маслаҳатчиси мақомига эга.