Самарқандлик сайёҳнинг қувонч ёшлари
(last modified Mon, 26 Feb 2018 07:20:40 GMT )
феврал 26, 2018 12:20 Asia/Tashkent
  • Самарқандлик сайёҳнинг қувонч ёшлари

Фарҳод Ғуломов 1958 йили Самарқанд шаҳрида туғилган. Рус тили бӯйича мутахассис бӯлган Фарҳод бугунги кунда Россиянинг Сочи шаҳрида яшайди ва бу шаҳарда Эронликлар маданият марказини таъсис этган.

Қуйида гӯзал Самарқанд шаҳрида асрлар давомида яшаб келган эронликлар сулоласидан бӯлган Фарҳод Ғуломовнинг ота юрти – Эрон ислом жумҳуриятига қилган сафари таассуротлари билан танишасиз.

--Эрон қанақа мамлакат? Унинг маданияти қандай? Аҳолиси кимлар? – каби саволларга жавоб изламоқчи бӯлсангиз, яхшиси бирор-бир миллий мусиқа консертига киринг. У ерда асл ҳақиқат кӯз олдингизда жилваланади. Бунда таржимонга ҳам, бирор-бир воситачига ҳам эҳтиёж сезмайсиз.

Ана шундан кейин Теҳрон ва бошқа анъанавий шаҳар хиёбонлари ва қишлоқ кӯчаларида бегоналик ҳиссини туймасдан эмин-эркин қадам босишингиз, бу қадимий халқнинг яшаш тарзи ва бой маданияти бикр ҳолатида сақланиб қолинганига гувоҳ бӯлишингиз мумкин. Ҳар бир дӯкон, қаҳвахона ёхуд аҳоли уйларида сизни ӯта азиз   меҳмон сифатида қабул қилишади. Ҳатто тил билмаслик каби табиий тӯсиқ ҳам муъжизали бир тарзда орадан кӯтарилади. Зеро, бунда ҳар бир учратган кишингиз сизга кӯмаклашишга шай туради. Бунда Мисрдагидек сайёҳни бирор-бир нарсани сотиб олишга мажбурлаш каби ёқимсиз ҳолат учрамайди.

Эрон билан танишувимиз Теҳрон шаҳрида Ҳумоюн Шажариённинг консерти томошасидан бошланди. Бизга бу бахтни машҳадлик дӯстимиз Саййид Мужтабо Муртазавий ҳадя қилди. Консертда ӯтирган чоғи шодлик кӯз ёшларимни тия олмасдим. Залда биз ӯрганган бақириқ-чақириқлар учрамас, тингловчиларнинг барчаси соҳир садо ва дилкаш мусиқа таъсирида сармаст чайқалар ва паст овозда  ҳофизга жӯр бӯлишарди. Ҳаётимда бундай улуғ мусиқа дарсига  илк бора дуч келишим эди.

Теҳрон, Машҳад, Нишопур каби шаҳарлардаги қариндошларимнинг уйида меҳмон бӯлганда катта ёшдагиларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кӯрсатилишини, худди болалик йилларида кӯрганимдек,  одамларнинг  бир-бириникига меҳмонга бориши, ширин суҳбат қуриб ӯтиришлари, жӯровоз бӯлиб халқ қӯшиқларини замзама қилишларига гувоҳ бӯлдим. Барча хонадонларда катта экранли телевизор, компютер ва ноутбуклар мавжуд.

Нишопурда мен ӯз илдизларимга, ботинимдаги жозибали оламга, аждодларим томонидан яратилган маънавият дунёсига қайтдим.

Одатда бирор-бир мамлакат ҳақида  ёзилганда мақола ёхуд хотирага ӯша ӯлканинг тарихий ёдгорликлари, меъморлик иншоотлари, табиат манзаралари тасвирланган жозибали суратларни ҳам илова қилишади. Аммо мен қалбимда ӯзларига нисбатан чексиз меҳр-муҳаббат уйғотган кишиларнинг чеҳрасини сизга кӯрсатмоқчиман. Уларнинг меҳрли кӯзларига боқинг:    бу нигоҳлардан улар менга бахш айлаган сурурни сиз ҳам илғаяпсизми?!

 

Ёрлиқ