Мирзиёевнинг Душанбега давлат ташрифига тайёргарлик Имомали Раҳмон назоратига олинган
Яқин кунларда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи амалга оширилади. Икки томон қизғин тайёргарлик ишларини олиб бормоқда. Тожикистонда ташрифга оид ташкилий масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу масала шахсан Тожикистон президенти Имомали Раҳмон назоратига олинган.
Бу ҳақда Тожикистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий ЎзА’га берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат туфайли сўнгги йилларда нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақада катта ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида қўшни мамлакатлар билан алоқаларга устувор аҳамият қаратмоқда.
«Бир нарсани очиқ айтаман, Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга давлат ташрифи икки халқ ўртасидаги қадим-қадимдан давом этиб келаётган дўстлик муносабатларида янги саҳифа очади. Ўзбек билан тожик икки тилда сўзлашувчи бир халқ. Бизни ўзаро ажратувчи жиҳатлар йўқ, халқларимизни бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди. Уларнинг тафаккури, турмуш тарзи, эътиқоди ва қарашлари ҳам муштарак. Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатдан янги поғонага олиб чиқади, албатта. Имзоланадиган ҳужжатлар халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлаш, ўзаро борди-келдини кенгайтириш имкониятларини яратади. Виза режимини соддалаштиришга интилишлар ҳам шундан далолат бермоқда», - дейди элчи.
Элчининг таъкидлашича, мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси сўнгги бир йилда 80 фоиз ошди. Яқин икки йил мобайнида савдо ҳажмини 500 миллион долларга етказиш кўзда тутилмоқда.