Шавкат Мирзиёев Тожикистонга илк давлат ташрифини бошлади
(last modified Fri, 09 Mar 2018 06:36:23 GMT )
март 09, 2018 11:36 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Тожикистонга илк давлат ташрифини бошлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистонга илк давлат ташрифини бошлади. Айни вақтда президент Душанбега етиб борган.

Душанбедаги халқаро аэропортда Шавкат Мирзиёевни қўшни давлат раҳбари Имомали Раҳмон, шунингдек, ҳукуматнинг бошқа аъзолари кутиб олган. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул ортидан ўтишган ва музокараларнинг илк босқичи бошланган.

«Ўзбекистон Президенти шарафига бутун шаҳар бўйлаб давлатимиз байроғи кўтарилган. Кўчаларга чиққан минглаб тожикистонликларнинг юз-кўзидаги хурсандчилик ушбу ташриф улар учун орзиқиб кутилган воқеа эканидан далолат беради. Дарҳақиқат, ўзаро муносабатлар тарихида бу Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга илк давлат ташрифидир. Томонлар ушбу музокараларга мамлакатларимиз ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, уни амалий мазмун билан бойитиш учун имконият сифатида қарамоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Олий даражадаги музокараларда турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилади, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар кўриб чиқилади. Турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат халқига қулайликлар яратишга қаратилган тарихий ҳужжатлар имзоланади. 

Ташриф доирасида бизнес-форум ва Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси, икки мамлакат санъат усталари иштирокида концерт ташкил этилади.

Бундан аввалроқ президентнинг матбуот котиби Комил Алламжонов ташриф доирасида камида 27 ҳужжат, жумладан, президентларнинг Қўшма баёноти, Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида шартнома, Фуқароларнинг ўзаро қатнови тўғрисидаги битим, шунингдек, турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар имзоланиши ҳақида маълум қилганди.

Шунингдек, Душанбеда бўлиб ўтган бизнес-форум ва Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси якунига кўра, 140 миллион доллардан ортиқ шартнома имзоланиши кутилмоқда.

Ёрлиқ