Шавкат Мирзиёев Тожикистон бош вазирини қабул қилди
ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрида Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқотда кеча бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликка доир барча масалалар ҳал этилиб, уни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олингани таъкидланди.
Савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик каби соҳалардаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш бўйича имзоланган ҳужжатлар юқори баҳоланди.
"Хусусан, товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш режаси икки мамлакат ҳукуматларига катта масъулият юклайди. Мулоқотда мазкур келишувларни бажариш, савдо айланмасини кўпайтириш ва таркибини диверсификация қилиш, бизнес учун қулай муҳит яратиш масалаларига эътибор қаратилди", — дейилади хабарда.