Ижтимоий фикр: Тоштурма ўрнида қийноқ қурбонлари музейи ташкил қилинсин
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i31388-Ижтимоий_фикр_Тоштурма_ўрнида_қийноқ_қурбонлари_музейи_ташкил_қилинсин
Тошкентдаги "Тоштурма" номи билан машҳур 1-сон ҳибсхонаси жойлашган бино ва иншоотлар бузиб ташланиши ва ўрнига хиёбон қурилиши маълум қилинди.
(last modified 2018-08-22T17:54:33+00:00 )
март 25, 2018 22:59 Asia/Tashkent
  • Ижтимоий фикр: Тоштурма ўрнида қийноқ қурбонлари музейи ташкил қилинсин

Тошкентдаги "Тоштурма" номи билан машҳур 1-сон ҳибсхонаси жойлашган бино ва иншоотлар бузиб ташланиши ва ўрнига хиёбон қурилиши маълум қилинди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қийноқлар ва ўлимларга сабаб бўлган ушбу муассасада келажак авлодга ўрнак учун музей ташкил қилишни таклиф қилмоқда.

22 март куни Ўзбекистон ҳукуматининг Тоштурма тақдири борасида фармойиши эълон қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ўзининг Telegram-каналида маълум қилган.

Йил бошида бу ерда сақланаётган судланувчилар ва маҳкумлар Тошкент вилоятининг Зангиота туманида қурилган янги муассасага кўчирилган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига мазкур объектни уч ой муддатда бузиш ва бузишдан бўшаган ер майдонини ободонлаштириш ва унда барча инфратузилма объектлари мавжуд бўлган замонавий хиёбон (дам олиш маскани) барпо этиш вазифаси юкланган.

Пойтахтнинг Юнусобод туманида жойлашган "Тоштурма" 1891 йилда қурилган. Мажмуа ер ости ва ер усти йўлаклар билан бир-бирига боғланган тўртта ертўлали бинони ўз ичига олган.

Тоштурма халқ орасида ўзининг ўлимга олиб борувчи қийноқлари машҳур ҳибсхона сифатида эсда қолган.

Журналист Карим Баҳриев ушбу хиёбонни кезаётган вақтда "терговчилар томонидан ўлдирилган маҳбусларнинг шарпалари сайр қилиб юргандек таассурот қолдирса керак", деб ёзди.

 "Қийноқ хоналарини декорациялар ва қурбонлар ҳамда жаллодларнинг мумияланган гавдалари билан тўлдириш керак. Шу билан бирга алоҳида тахтага ким, қанча муддатга ва нима учун ўтирганини ёзиш керак. Музейга тарбияси оғир ўсмирлар, алиментдан бош тортувчилар, қарздорлар ва маст ҳолатда машина ҳайдаган шахсларни олиб бориш керак", дейди у.

Музей қилиш ғоясини бошқалар ҳам қўллаб қувватлаган.

Гулноза Юлдашова эса муассасадаги сил хасталиги таёқчаларини қаерга йўқ қилиш мумкинлигини сўраган.

"У ерда ҳеч нарсани қолдириш мумкин эмас. Ҳаммасини чиқариб, ёқиш керак", дейди у.

Алишер Ергашев Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинмаган вақт у ерда кўплаб одамлар қатл қилинганини ёзади.

"Бизда ўлим жазоси амал қилган вақти у ерда қанча одамни ўлдириб юборишган. Бола у ерга олиб бормаган бўлардим. Дам олиш учун муҳит қўрқинчлилик қилади. Маҳбусларнинг бир-бири устидан хўрлашлари ва бир жинсли никоҳларни гапирмаса ҳам бўлади. Музей - ажойиб ғоя", дейди у.

1937 йилда Сталин ҳукумати томонидан Юнусобод туманидаги жар ёқасида отиб ташланган ўзбек зиёлиларининг маскани Ислом Каримов томонидан "Шаҳидлар хотираси" музейи ва майдонига айлантирилган эди.

Ислом Каримов даври қийноқларининг рамзларидан бири эканлиги айтиладиган Тоштурма ҳам кейинчалик ана шундай майдонга ва музейга айлантириладими?

Ўзбекистондаги норасмий Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сўнгги 11 йилдаги аянчли вазият таҳлил қилинган ҳисобот эълон қилганди.

Ташаббус гуруҳи хабар қилишича, 2006 йили Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги Жазони Ижро этиш бош бошқармаси(ГУИН)нинг назорати Миллий Хавфсизлик хизмати зобитлари ихтиёрларига топширилган.

Бошқарма раҳбарлари, мамлакатдаги барча муваққат изоляторлар ва жазони ижро этиш муассасаларига ҳам раҳбар этиб МХХчилар тайинланганлар.

Янги раҳбарлар эса муваққат изоляторлар ва қамоқхоналарни қийноқ масканларига, бегуноҳ, бироқ бой-бадавлат тадбиркорлар, банкирлар ва бошқа амалдорларга босим ўтказиб пул ундириш жойларига айлантирганлар.

Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳига кўра, халқ орасида "Тоштурма" номи билан таниқли бўлган қамоқхонага бошқа жазони ижро этиш муассасаларидан камера агентлари олиб борилганлар.

Жиноят оламида "лохмач"лар деб билинадиган бу шафқатсиз жиноятчилар "Тоштурма" ҳудудида эмин-эркин юрганлар, уларнинг камераларига радиоприёмник, телевизорлар ўрнатиб берилган, бирор бир монеъликсиз мобил телефонлардан фойдаланганлар.

"Тоштурма" раҳбарияти "лохмач"лардан истаган нарса, тергов остида бўлган маҳбусларни қийноққа солиш, бошқаларга қарши жиноий кўрсатмаларни қўлга киритиш бўлган.

Банкирлар, фирмачилар, тадбиркорлар, ҳокимлар, ҳатто Ички ишлар вазирлигининг қўлга олинган ходимларидан ўз ҳамкасбларига қарши айблов кўрсатмалари олинишига эришилган.

Ўша йиллари "Тоштурма"да 10 дан ортиқ тергов остидаги инсон қийноқлар оқибатида ўлдирилган, дейилади ИГНПУ хабарида.

Ташаббус гуруҳига кўра, ГУИН ва МХХ мансабдорлари товламачилик мақсадида тил бириктириб, узоқ йиллар Ўзбекистоннинг пулдор деб билинган инсонларидан пул талаб қилиб келганлар.

"Тоштурма"га олиб кирилган пули кўп инсонлар "лохмачлар"нинг қийноқларига тутилмаслик учун "Тоштурма"нинг оператив ходимларига ойига 1000 доллардан 50000 долларгача бериб туришга мажбур бўлганлар.

2010 йили Нукусдаги бир тадбиркордан 100000 АҚШ доллари ва кўп миқдорда заргарлик буюмлари талаб қилингани, МХХнинг қамалиб, ҳозир жазо муддатини ўтаётган собиқ раҳбарлари 5 миллион доллардан камига кўнмаганлари ҳақида ишончли маълумотга эга экани ҳақида ёзади ИГНПУ.

Қийноқлар, жисмоний ва руҳий босимлар остида олинган пуллар Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Миллий Хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура раҳбарларига берилган, дейилади Ташаббус гуруҳи ҳисоботида.

Ўзбекистон Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилади ва ГУИН собиқ ходимларининг исм-фамилиясини келтириб, уларни жаллодлар деб атайди.