Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун Тошкент декларацияси қабул қилинди
26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида ташкиллаштирилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари «Тошкент декларацияси»ни қабул қилиб, Афғонистон масаласини ҳал қилишда баҳамжиҳат ҳаракат қилишни таъкидлади
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз "Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун Тошкент декларацияси қабул қилинди”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида ташкиллаштирилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари «Тошкент декларацияси»ни қабул қилиб, Афғонистон масаласини ҳал қилишда баҳамжиҳат ҳаракат қилишни таъкидлади. Шунингдек, декларация матнида «Толибон» ҳаракати вакиллари ҳам Афғонистонда юз бераётган сиёсий жараёнларда легитим иштирокчи сифатида қатнашиши эътироф этилди. «Миллий Бирдамлик ҳукуматининг Толибон билан кенг кўламли тинчлик келишувига эришиш бўйича пировард мақсад йўлида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймаслик асосида «Толибон» билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни бошлаш ҳақидаги халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётган таклифини қатъий қўллаб-қувватлашимизни таъкидлаймиз ҳамда «Толибон»ни Афғонистон раҳбарияти ва ушбу мамлакат халқининг ўз саъй-ҳаракатлари билан ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига мувофиқ амалга оширилаётган тинчлик ўрнатиш жараёнига доир ушбу таклифни қабул қилишга чақирамиз», дейилади декларация матнида.
Иштирокчилар Афғонистон ҳукумати ва «Толибон»нинг муросасоз вакиллари ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан тўғридан-тўғри тинчлик музокараларини ўтказиш зарурати мавжудлигини қайд этиб ўтган. Марказий Осиё республикалари ва бошқа давлатлар Афғонистонни беқарорлаштириш ва можарони узайтиришга олиб келувчи «Толибон» ва ИШИД террорчилик гуруҳига ҳар қандай молиявий, моддий кўмак ёки қурол-яроғ тақдим этилишига қатъий қаршилигини билдирган. Ўзбекистон Афғонистон масаласида расмий позициясини маълум қилди. Ўзбекистон Афғонистон ҳукумати билан «Толибон» ҳаракатининг «олдиндан шарт қўймаслик ва куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик» асосида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни бошлаш ҳақидаги қарорини қўллаб қувватлади. «Аммо тинчлик сари ҳаракатнинг энг асосий шарти, бизнингча, аввало минтақа ва глобал даражада келишилган, Афғонистон учун ягона кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборатдир», дейди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон етакчиси афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойилларини ишлаб чиқиш ва улар бўйича кенг ва қатъий халқаро консенсус - муросага келиш борасида фикр билдирди.
Афғонистон ҳукумати ва қуролли мухолифат ўртасида музокараларни бошлаш механизмини ишлаб чиқиш ва миллий келишув жараёнига халқаро ҳамжамият томонидан кўмак бериш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш лозим. Афғонистондаги низолар ғоят мураккаб ва қарама-қарши хусусиятга эга эканини, уларга турли кучлар жалб этилганини эътиборга олган ҳолда, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциясидан келиб чиқиб, анжуманда кенг қамровли тинчлик жараёнини учта ўзаро боғлиқ даражада амалга ошириш таклиф этилди. «Марказий ҳукумат ва қуролли мухолифатнинг асосий кучлари, биринчи навбатда, “Толибон” ҳаракати ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқотни бошлашни таъминлаш зарур.
Томонларнинг бир-бирига нисбатан саволлари ва талаби бўлажак музокараларда муҳокама қилиниши мумкин. Тинчлик жараёнининг муваффақиятли бўлишини таъминлаш учун афғонистонликларнинг ўзларига ташаббус кўрсатиш, музокаралар қандай форматда, қачон ва қаерда олиб борилиши бўйича танлаш имконини бериш керак”. Қуролли мухолифат вакиллари, жумладан Толибон ҳам афғон жамиятининг бир қисми ва Афғонистон фуқаролари сифатида ўз мамлакати келажагини белгилаш учун овоз бериш ҳуқуқига эга. «Бу борада парламент ва президентлик сайловларигача бўлган даврда афғон халқи ўртасида ўзаро мулоқотни бошлаш ва шу тариқа жамиятнинг барча қатламлари, жумладан, мухолифатдаги кучлар ҳам янги Афғонистон давлатини қуришда тўлақонли иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратиш ғоят муҳимдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти анжумандаги нутқида «Ўзбекистон ҳар қачон Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида музокараларни бошлашга шароит яратишга» тайёрлигини билдирди. «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги конференцияда Афғонистонга чегарадош қўшни мамлакатлар, Марказий Осиё давлатлари ҳамда ЕИ, Яқин ва Узоқ Шарқ давлатлари ҳам масала юзасидан бир хил қарашни илгари сурди: можарони ҳал этиш учун «Толибон» ҳаракати ва Афғонистон ҳукумати вакиллари бир столга ўтириши лозим. Тошкент конференцияга қадар БМТ Хавфсизлик Кенгаши Афғонистон масаласи юзасидан алоҳида резолюция қабул қилган эди. Унга кўра, «Толибон» ҳаракати вакиллари халқаро террорчилик гуруҳлари билан алоқаларни узиб, аввалдан шарт қўймай, қурол билан таҳдид қилмасдан музокаралар учун бир столга ўтириши лозим. Айни пайтда Толибоннинг Афғонистон ҳукумати билан бир столга ўтириши резолюция талабларини қабул қилганини билдиради.
Анжуман давомида Кобул ва «Толибон» ўртасида муносабатлар қай даражада эканлиги, алоқа йўллари ҳақида маълумот берилмади. Умумий қилиб айтганда, барча иштирокчилар Толибон ҳаракатини БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясини тан олиб, музокараларни бошлашга чақирди. Марказий Осиё давлатлари сиёсий майдонда иқтисодий манфаатни ҳам илгари сурди. Бу Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий ҳамкорлиги тизмасига Афғонистонни ҳам киритишни назарда тутади. Шунингдек анжуманда, чет эл қўшинлари Афғонистондан чиқариб юборилиши таъкидланди. Тошкент анжумани давомида Эрон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Аббос Ароқчи Афғонистонда террорчиликни енгиш учун барча мамлакатлар кучларини бирлаштиришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Ироқ, Сурия ва Афғонистонда фаолият юритаётган террорчи гуруҳлар ҳудуддаги умумий вазиятни ёмонлаштирмоқда. Биз, барча мамлакатлар, Афғонистонни қўллаб-қувватлашда ҳамкорлик қилишимиз керак, биз биргаликда террорчиликка барҳам беришимиз мумкин.
Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, террорчиликка қарши курашни синчковлик билан олиб бориш керак. Бунинг учун биринчи навбатда ўзаро нафрат уйғотувчи мафкураларга қарши курашиш лозим, аҳолининг радикаллашиб кетишига йўл қўймаслик керак. “Уруш 40 йилдан бери давом этмоқда. Бизнинг фикримизча, хорижий қўшинлар киритилиши ҳам уни тўхтатишга ёрдам бера олмади. Шунинг учун ягона йўл, бу — тинчлик музокаралари жараёнини бошлашдир. Биз ушбу ижобий қадамни қўйишда Афғонистон ҳукумати ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз, чет эл қўшинларини мамлакатдан чиқариб юбориш ва Афғонистоннинг ўз салоҳиятини ошириш керак”. 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида Афғонистон масаласига бағишлаб, ўтказилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференцияда можаро иштирокчиси «Толибон» ҳаракати вакиллари иштирок этмади. Шундай қилиб, анжуманда Ўзбекистон ва Афғонистон Президентлари, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича вакили, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили ва бошқа кўплаб давлатларнинг ташқи сиёсий маҳкамалари раҳбарлари, 25 давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.