Вазир ўрнатган камералар қийноқларнинг олдини оладими?
Ички ишлар вазири ҳибсхона ва тергов хоналарида қийноқларнинг олдини олиш учун махсус камералар ўрнатилганини билдирди. Яқинлари қийноқларга тутилган ўзбекистонликлар бу каби камералар фойда бермаганини ва бундан кейин ҳам қийноқларнинг олдини олмаслигини таъкидламоқда.
2017 йилнинг 16 ноябр куни Тошкент ИИББда калтаклангани айтилаётган 23 ёшли Насрулло Аъзамовнинг онаси Дилдора Аъзамова ИИББ йўлакларига ўрнатилган камералар ўғлига нисбатан ишлатилган қийноқларни исботлашда ёрдам беролмаганини айтади.
Унинг таъкидлашича, ўғли ва яна икки шахс Тошкент шаҳар ИИББ Терроризм ва эстремизмга қарши курашиш бошқармаси тергов хонасида 20 киши томонидан калтакланган. Ўша вақти тергов хонаси махсус камера билан жиҳозланмаган бўлган.
Шундай бўлса-да ИИББ йўлакларида ўрнатилган камералар орқали ушланганларнинг ўз оёғи билан тергов хонасига кириб кетгани ва калтак зарбидан юролмай қолгач, судраб чиқишганини кўриш мумкин эди.
"ИИВда махсус текширув тайинлашган вақти исботинглар борми деб сўрашди. Биз коридорда турган камералардаги ёзувларга қараб билса бўлади. Терговчининг хонасига соппа-соғ бўлиб кирган болаларимизни у ердан судраб олиб чиқиб кетаётганини кўриш мумкин дедик. Лекин ИИВдан ўзини Азизбек деб таништирган ходим бу камералар 1 сутка кўпи билан 3 сутка ёзувларни сақлаб туриши мумкинлигини айтди. 3 кундан кейин катта ҳажмли видеоларни сақлаш имкони бўлмаганлиги боис архивдан ўчириб ташлашар экан", дейди Дилдора Аъзамова.
Тошкентда истиқомат қилувчи 23 ёшли Насрулло Аъзамов, 32 ёшли Муҳаммад Рашидов ва 35 ёшли Оятулла Усмонов 2017 йил 16 ноябр куни Тошкент шаҳар ИИББ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси томонидан қўлга олинган.
Уларнинг таъкидлашича, ўша куни 20 чоғли ИИВ ва МХХ тезкор ходимлари ушланганларни аёвсиз калтаклашган.
Яқинларининг кўплаб мурожаатларидан сўнг Ички ишлар вазирлигининг кўрсатмаси билан махсус текширув ўтказилган.
Жабрланганларнинг кўрсатмалари олинган. Иш Миробод туман прокуратурасига оширилган.
Бироқ Миробод прокуратураси тергов "ишини очишда асос топилмагани учун" уни ёпган.
Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов ЎзАга берган суҳбатида 2017 апрел ойидан буён вақтинча сақлаш, тергов ҳибсхоналари, махсус қабулхоналар ва реабилитация марказларига 2245 камера ўрнатилганини айтган.
Вазир Пўлат Бобожонов камералар ўрнатиш орқали маҳбуслар ва ушланганларга нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ҳамда бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллашнинг олдини олиш чоралари кўрилганини таъкидлаган.
Дилдора Аъзамова бу камералар иш бермаслигини айтади.
"Бизнинг ҳолатимизда бу камералар иш бермади. Ёзувлар хотира базасида жой бўлмаганлиги боис 3 кун сақланаркан ва кейин ўчириб ташлашаркан. Тергов хонасига ўрнатгани билан ушланганларни бошқа хонада калтаклаб, қийнаб бўйнига қўйишади ва тергов хонасига тайёр қилиб киритиши мумкин. Бу камералар қийноқларнинг олдини олишига ишонмайман", - дейди у.