Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳокими ҳақида: Биринчи марта бизнесмен ҳоким бўлди.
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i32988-Шавкат_Мирзиёев_Тошкент_ҳокими_ҳақида_Биринчи_марта_бизнесмен_ҳоким_бўлди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 апрель, душанба куни Тошкентда Туркия бизнеси ва банклари раҳбарлари қаршисида нутқ сўзлаётиб, уларга Тошкентнинг янги ҳокими — Жаҳонгир Ортиқхўжаевни таништирди, деб ёзади «Газета.uz».
(last modified 2018-08-22T17:54:58+00:00 )
май 01, 2018 11:37 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳокими ҳақида: Биринчи марта бизнесмен ҳоким бўлди.
    Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳокими ҳақида: Биринчи марта бизнесмен ҳоким бўлди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 апрель, душанба куни Тошкентда Туркия бизнеси ва банклари раҳбарлари қаршисида нутқ сўзлаётиб, уларга Тошкентнинг янги ҳокими — Жаҳонгир Ортиқхўжаевни таништирди, деб ёзади «Газета.uz».

«Мен Ўзбекистон тарихида биринчи марта ўзим ишонадиган тадбиркорни Тошкент ҳокими этиб тайинладим. Бунақаси тарихда бўлмаган», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Бу жорий ислоҳотларни тушунадиган, бюрократиядан узоқ бўлган, Тошкент шаҳрининг эртанги куни қандай бўлишини тасаввур қиладиган, замонавий йигит Ўзбекистонга тоза ҳаво кириши учун, инвесторларни қўллаб-қувватлаш учун тайинланди», — дея таъкидлади Президент.

«У бизнинг кўпчилик раҳбарларимиз каби райком, партия сингари бюрократия тизимларининг ҳеч бирида ишламаган. Бу тадбиркор. Шунга қарамай, мен бу тадбиркорни энг йирик ҳудудимиз — Тошкент раҳбари этиб тайинладим», — деди давлат раҳбари.

«Эртанги кунни мен фақат тадбиркорларга ишонаман. Шу сабабли қарор қилдим: тадбиркор — Тошкент шаҳар ҳокими», — деди у.

«Бугунги кундан эътиборан у икки карра масъулиятга эга, — дея қўшиб қўйди Шавкат Мирзиёев. — Агар сизлар (туркиялик инвесторлар) Тошкентда бирорта тўсиққа дуч келсангиз, у жавобгар бўлади».

Akfa компаниялари асосчиси, Artel Engineering ва Tashkent City директори Жаҳонгир Ортиқхўжаев 26 апрель куни Тошкент ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.