Шавкат Мирзиёев Сергей Шойгуни қабул қилди
22 май куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан мамлакатга келган Россия Федерацияси мудофаа вазири Сергей Шойгуни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлат раҳбари меҳмонни Ўзбекистонга ташрифи билан самимий қутлар экан, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланаётгани ҳамда ўзаро манфаатли барча соҳаларда амалий ҳамкорлик ривожининг юқори суръатларидан чуқур мамнуният изҳор этди.
Минтақалар ва ишбилармон доиралар ўртасида алоқалар ҳамда алмашинувлар жадаллашгани, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг турли тармоқларида истиқболли дастур ва лойиҳалар биргаликда амалга оширилаётгани, маданий-гуманитар соҳадаги самарали ҳамкорлик алоқалари алоҳида қайд этилди.
Учрашув чоғида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамда ҳарбий-техникавий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, жумладан, қалин идоралараро ҳамкорлик, икки томонлама тадбирларни ўтказиш, ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш ва бошқалар масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари ва минтақавий кун тартиби бўйича фикр алмашилди.
Мудофаа вазири Сергей Шойгу самимий қабул учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг эзгу тилакларини етказди.
Мамлакатда қуролли кучларни модернизация қилиш ва мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича Ўзбекистон ташаббусларига юксак баҳо берилди.
Икки мамлакат ва халқлар манфаати йўлида Россия томони Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда чуқурлаштиришга тайёр эканлиги таъкидланди.