Россия Мудофаа вазирини Тошкентга нима етаклаган бўлиши мумкин?
(last modified Wed, 23 May 2018 07:37:47 GMT )
май 23, 2018 12:37 Asia/Tashkent
  •  Россия Мудофаа вазирини Тошкентга нима етаклаган бўлиши мумкин?

Сергей Шойгу икки давлат ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик "мутлақ конкрет ва ўта муҳим тусга эга" эканини баён қилган.

Россия Мудофаа вазирининг Тошкентга ташрифи Ўзбекистон ва Россия президентларининг телефон мулоқотларидан кун ўтиб кузатилган.

Бошқа томондан, Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга илк расмий ташрифидан ҳафта ўтмай амалга ошган.

Оқ Уй наздида "тарихий", деб баҳо топган ушбу ташриф чоғида Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари хавфсизлик, ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳада ҳам ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олишган.

Икковлон беш йиллик илк ҳарбий режани ҳам пишитиб олишганди.

Шавкат Мирзиёев Пентагонда ҳам бўлиб, шахсан АҚШ Мудофаа вазири билан учрашган.

Бундан кейин ҳам Афғонистон ва афғон можароси икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг марказида қолиши маълум бўлганди.

Мирзиёев АҚШга ташрифидан саноқли кунлар ўтиб, 21 май куни Ўзбекистон ва Россия президентларининг телефон орқали гаплашиб олишгани маълум бўлган.

Россия президентининг расмий веб саҳифасида ушбу мулоқот чоғида Шавкат Мирзиёев Путинни Вашингтонга ташрифи тафсилотларидан огоҳ этгани ҳақида ёзди.

Россия Ўзбекистоннинг анъанавий стратегик шериги бўлиши баробарида, жорий пайтда энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорларидан бири ҳам саналади.

Тошкентда экан, Россия Мудофаа вазири икки давлат ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик "мутлақ конкрет ва ўта муҳим тусга эга" эканини баён қилган.

Сергей Шойгу, "бу - энг аввало Ўзбекистон чегараси яқинидаги хавф ва таҳдидлар билан боғлиқ" эканини айтган.

"Бу ўринда кучайиб бораётган халқаро террорчилик таҳдидини ҳам назардан қочириб бўлмаслиги"ни урғулаган.

Россия Мудофаа вазири наздида бу хавф ҳозир "Суриядан Ўзбекистон дохил қўшни, чегарадош давлатларга кўчиб ўтмоқда".

Сергей Шойгуга кўра, Афғонистондаги вазият ҳам тинчиб бораётгани йўқ.

"Ахир, Сурияни тарк этаётган гуруҳлар Афғонистонга ҳам ўтиб, жойлашишмоқда", - деб айтган Россия Мудофаа вазири.

Сергей Шойгуга кўра, айни шу омилдан келиб чиқиб, бундан кейин ҳам нафақат ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш, балки-да, Ўзбекистон Қуролли Кучлари учун кадрлар тайёрлаб беришга ҳам ҳозирлар.

Расмий Кремль, айниқса, сўнгги йилларда Афғонистондан келувчи жангарилик таҳдидига оид огоҳлик, хавотир ва чиқишларини кучайтирган.

Сиёсий таҳлилчиларга кўра эса, буларнинг барчаси энг аввало Россиянинг минтақадаги империалистик амбициялари ва асосий геосиёсий рақиби Америка Қўшма Штатларининг зиддига минтақада ўзининг манфаатларини парваришлаш истаги билан боғлиқ.

Устига устак, воқеаларнинг сўнгги ривожи президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмурияти афғон можаросига энг аввало ҳарбий йўлда барҳам бериш истагини баён қилган, Афғонистондаги қўшинлари сонини яна бир неча мингга оширишга қарор қилган бир манзарада кузатилмоқда.

Расмий Вашингтон, бошқа томондан, Россиянинг анъанавий иттифоқчиси ва Афғонистонга бевосита чегарадош бошқа бир минтақа давлати - Хитойнинг иқтисодий ва ҳарбий қудратидан яхшигина хавотирда.

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, ўзининг янги стратегияси билан Трамп маъмурияти Афғонистондан бу яқин ўртада чиқиб кетиш ва бу билан Хитой бўладими, Эрон ёки Россия - бу давлатларни ҳам "назорати" остидан чиқариш истаги йўқлигига ишора қилган.

Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича, шаклланиб бораётган бу каби воқеълик манзарасида минтақа давлатларига "осон бўлмайди".

Ҳар қандай соҳадаги ҳамкорлик назарда тутилганда ҳам, таъбир жоиз, ўзлари "кўз остларига тушган" дунёнинг бу икки қудратига нисбатан мувозанатли ташқи сиёсат юритишлари керак бўлади.

Аммо, таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон дохил минтақа давлатлари ҳукуматларининг бунга қанчалик қодир бўлишларини фақат бу яқин йиллар кўрсатади.

Ёрлиқ