Шошилинч: Тошкент шаҳрининг бош солиқчиси ҳибсга олинди
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i35040-Шошилинч_Тошкент_шаҳрининг_бош_солиқчиси_ҳибсга_олинди
Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасига уч йил раҳбарлик қилган Музаффар Пардаев ҳибсга олинган.
(last modified 2018-08-22T17:55:32+00:00 )
июн 14, 2018 00:06 Asia/Tashkent
  • Шошилинч: Тошкент шаҳрининг бош солиқчиси  ҳибсга олинди

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасига уч йил раҳбарлик қилган Музаффар Пардаев ҳибсга олинган.

Музаффар Парлаев 2015 йил июнидан буён Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган эди.

Ҳибс этилишидан бир кун ўтиб Музаффар Пардаевнинг лавозимидан олингани эълон қилинди ва ўрнига унинг муовини бўлиб ишлаган Нормат Турсунов Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасига бошлиқ этиб тайинланди.

- Шаҳар бюджетига тушумлар текширилган, йирик камомад чиққан. Ҳозир Пардаев солиқ тизимидаги бошқа ўнлаб амалдорлар билан бирга сўроқ қилинмоқда, - деди Ўзбекистон Солиқ қўмитасига яқин  манба.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 июн куни солиқ ва молия идоралари раҳбарлари иштирокида Тошкентда ўтган видеоселектор мажлисида Тошкент шаҳар солиқ бошқармасини қаттиқ танқид қилган эди.

“Тошкент бозорларидан тушумлар бюджетга эмас, амалдорларнинг чўнтагига тушган. “Чилонзор” буюм савдо комплексида 791 нафар шахс солиқ тўламасдан савдо қилиб келаётгани аниқланди. Тошкент шаҳридаги автомобилларни сақлаш жойларидаги тушумлар назорати йўқлиги туфайли маҳаллий бюджетга 18 миллиард сўмдан ортиқ солиқ туширилмаган. Шунча пул чўнтакка кетяпти”, - деган эди Мирзиёев.

Айни шу мажлисда Мирзиёев Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган Назарали Норбоевларнинг ҳам эгаллаб турган лавозимидан четлатилгани айтганди.

Бундан аввал Ўзбекистон давлат солиқ қўмитасининг собиқ раиси Ботир Парпиевнинг биринчи ўринбосари Абдусалом Йўлдошев ва унинг ўғли Жавлонбек 28 май Ўзбекистонга қўшни давлатлардан бирида қўлга олиниб, Ўзбекистон хавфсизлик кучларига топширилган эди.

“Турмада ўтирганлар айтиб беряпти - битта солиқчи ишга жойлашиш учун 30-40 минг доллар бераркан, жаноб Йўлдошев (Абдусалом Йўлдошев) каттаконига обориб бераркан”, дея таъкидлаган президент Мирзиёев 5 июн кунги селектор мажлисда..