Хушхабар! Швейцария Гулнора Каримованинг пулларини Ўзбекистонга қайтаради
Швейцария марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова иштирокидаги ноқонуний пулларни ювиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида музлатилган 702 миллион АҚШ долларини (700 миллион швейцария франки) Ўзбекистонга қайтаришни режаламоқда.
Бу ҳақда Рейтер агентлиги Цюрихда чиқадиган NZZ am Sonntag ҳафталигига таяниб хабар тарқатди.
Хабарда айтилишича, ўтган ой швейцариялик прокурорлар маблағларни Ўзбекистонга қайтариш мақсадида Женева ҳамда Цюрихдаги ҳисоблардан пулларни мусодара қилишга буйруқ берганлар.
Швейцария бош прокуратураси 2014 йилдан буён Гулнора Каримова ва яна бир неча шерикларини пул ювиш гумонлари билан текшираётганди.
2008 йилдан буён Ўзбекистоннинг БМТ Женева идорасидаги элчиси бўлган Гулнора Каримова 2013 йилда Ўзбекистонга қайтган.
У пул ювиш айбларини рад этган.
Ўтган йил июлида Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримовага нисбатан 2015 йилда 5 йилга озодликни чеклаш жазоси қўлланилганини маълум қилган.
Яқинлари Би-би-сига унинг 2014 йилдан буён уй қамоғида сақланганини айтишган.
Тасдиқланмаган хабарларга кўра, Каримова Тошкентдаги қамоқхонага ўтказилган.
Бош прокуратуранинг айтишича, Гулнора Каримовага нисбатан яна бир жиноят иши тергов қилинмоқда.
Тергов маълумотларида айтилишича, Гулнора Каримова 12 йил давомида 51,1 миллиард сўмлик активларга эгалик қилган уюшган гуруҳни назорат қилган.
Бундан ташқари Гулнора Каримова 1 миллиард 942,8 миллион долларлик (қарийб 2 миллирадлик доллар) хорижий валютани яширишда гумонланмоқда. У ушбу маблағни турли шахсларнинг манфаатларини «илгари суриш» учун уюшган жиноий гуруҳнинг оффшор компаниялари ҳисоб рақамига «бўнаклар» олиш, улушларни сотиш ва дивидендларни тўлаш ниқоби остида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни чет элга олиб чиқиб кетиш орқали яширган.
Прокуратура маълумотларига кўра, гуруҳнинг 12 та хорижий давлатда легаллаштирган маблағлари аниқлаштирилган.
Уларнинг умумий миқдори 1,5 миллиард долларга яқин легаллаштирган маблағлари аниқлаштирилган.
АҚШ, Голландия, Швеция ва Швейцария ҳукуматлари Гулнора Каримовага нисбатан пул ювиш билан боғлиқ жиноят ишини тергов қилган.
BBC