Америкада яшовчи ўзбекистонлик йигит Тошкентда Америка-Испания Футбол Академиясига асос солди
(last modified Tue, 03 Jul 2018 06:20:31 GMT )
июл 03, 2018 11:20 Asia/Tashkent
  • Америкада яшовчи ўзбекистонлик  йигит Тошкентда Америка-Испания Футбол Академиясига асос солди

Дунё аҳли Россияда бўлиб ўтаётган футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионати ривожини катта қизиқиш билан кузатаётган бир вақтда Ўзбекистонда жаҳон футболининг бўлғуси юлдузлар авлодини тайёрлашга жадал киришилмоқда.

Ёдингизда бўлса, KUN.UZ'да Ўзбекистонда туғилиб, АҚШда ўқиш ва ишлашга кетган Шуҳрат Қосимов Америкада Ўзбекистон туризми тарғиботини йўлга қўйиб, UzbekistanTurismo болалар футбол жамоаси фаолиятини йўлга қўйгани ҳақида хабар берилган эди.  У бир кун келиб, албатта, Ўзбекистон ривожига ўз ҳиссасини қўшишга ваъда берган эди. У ваъдасига вафо қилди! Шуҳрат Ўзбекистонга келиб, ўз ватанида Америка-Испания футбол академияси фаолиятига старт берди ва шу тариқа мамлакатдаги спорт туризмини ривожлантиришга ҳисса қўшишни бошлади.

2018 йилнинг 2 июлида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси спорт комплекси стадионида MySoccerAcademy Америка-Испания Футбол академияси (АИФА)нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Республика миқёсидаги ушбу лойиҳа Ўзбекистонда юқори даражали футбол ривожига муҳим ҳисса қўшиши кутилмоқда.

АИФА очилишида қатнашган KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, лойиҳа мақсади - Ўзбекистонда спорт туризмини ривожлантириш, ёш футболчиларни лойиҳа ҳамкорлари ҳисобланган мамлакатлар - АҚШ, Испания, Бразилия, Венесуэла, Колумбия ва Аргентина футбол клубларининг профессионал усуллари асосида ҳар томонлама тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш, АИФА юниорларининг халқаро мусобақаларда иштирок этишига ёрдамлашиш, футбол бўйича миллий терма жамоа учун спорт заҳирасини тайёрлаш, спорт тарғиботи ва ёшларнинг интеллектуал жиҳатдан ривожланишига кўмаклашиш.

АИФА лойиҳаси ташаббускори ўзбекистонлик ишбилармон, "GoUzbekTour.com" ва "UzbekistanTurismo.com" туркомпаниялари асосчиси, АҚШ (Орландо, Флорида штати)даги Футбол академияси ҳамкори Шуҳрат Қосимов,  Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва «INTOUR TRAVEL» МЧЖ компанияси қўллаб-қувватлаши остида мамлакатда футболнинг ўзига хос услубини ривожлантиришга қарор қилди.

"Америка-Испания футбол академиясини ташкил қилиш ғояси менда икки йил аввал пайдо бўлган. Икки ўғлимни АҚШдаги Футбол академиясига олиб борганман, машғулотларни кузатиб, Ўзбекистонда ҳам ана шундай академия очиш истаги туғилди. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда барча соҳалар, шу жумладан туризм соҳасига катта эътибор қаратаётганликларидан илҳомланиб, ватанимда ҳам туризм, ҳам спортни ривожлантиришга ҳисса қўшиш истаги туғилди. Америка-Испания футбол академияси билан ҳамкорликни йўлга қўйдик", - дейди Шуҳрат Қосимов .

Лойиҳа ташкилотчилари футболга қизиқувчи барча ўзбекистонлик болаларга жаҳон миқёсида профессионал футбол билан шуғулланиш, юниорлар ўртасидаги халқаро турнирлар, футбол юлдузларининг маҳорат дарсларида қатнашиш ва мазкур лойиҳа ҳамкор мамлакатларининг диққатга сазовор масканларини томоша қилиш имконини тақдим этиш ниятидалар.

"Бу тадбирларда иштирок этиш учун биз энг яхшиларини танламаймиз - бундай имконга ҳамма эга!" - АИФА фаолиятининг асосий тамойили шунга асосланади.

Дастлабки босқичда АИФАга болаларни жалб қилиш ва ўргатиш Тошкент шаҳрининг барча туманларидаги спорт секцияларида олиб борилади. Уларда 4 ёшдан 17 ёшгача бўлган барча болалар иштирок этишлари мумкин. Илк уч ойда ўзбекистонлик мураббийлар машғулотларни АҚШдаги Америка-Испания Футбол академияси асосчилари Нельсон Велес ва Густаво Жеремилло томонидан ишлаб чиқилган махсус дастур асосида олиб боришади. Кейинги ойларда машғулотларни лойиҳанинг ҳамкор мамлакатлари - АҚШ, Испания, Бразилия, Колумбия, Венесуэла, Аргентина профессионал клубларининг Ўзбекистонга таклиф қилинган мураббийлари ўтказишади.

Ўқиш давомида асосий эътибор болаларда футбол бўйича профессионал спорт кўникмаларини ривожлантириш билан бирга уларнинг интеллектуал ва шахс сифатида ўсишига, барча ўқув предметларидан ажойиб кўрсаткичларни қўлга киритишларига қаратилади.

"Спорт ва интеллект сизларнинг олдингизда футбол юлдузи бўлиш ва дунёни таниш имконини очади!", - дея ҳисоблашади АИФАнинг Ўзбекистондаги асосчилари.

АИФА лойиҳасига старт берилиш вақтига келиб Ўзбекистонда 10 га яқин мураббий ўз шогирдлари билан мазкур дастур бўйича шуғулланишга тайёр эканликларини билдиришди. Бу эса пойтахтнинг туман спорт секцияларига қатновчи 150 дан зиёд ёш футболчилардир.

"Ўзбекистон жуда чиройли ва меҳмондўст мамлакат экан. Биз бу ерга футболнинг янги услубини тарғиб қилиш, болаларга Америка-Испан ва Европа футболини ўргатиш учун келдик. Тез орада мен бу ердан кетаман, лекин қалбимнинг бир бўлаги Ўзбекистонда қолади, - дейди Футбол академиясининг АҚШ (Орландо, Флорида штати)даги асосчиларидан бири Густаво Жеремилло. - Яқин орада бу ерга хорижлик мураббийлар ва оила аъзоларим билан қайтаман. Ўзбекистон менда жуда катта таассурот қолдирди, шу боис менинг оила аъзоларим ва ҳамкасбларим ҳам бу ажойиб мамлакатни ўз кўзлари билан кўришларини истардим".

Унинг таъкидлашича, АИФА Ўзбекистонга Лотин Америкаси ва Европа футболининг микс вариантини олиб кирмоқда.  Америка-Испания футбол академияси иқтидорли болаларга кўплаб имкониятлар яратади. Академия ўзбекистонлик болаларни нафақат футбол ўйнашга, балки уларни спортнинг бу турига доир билимларини ҳам  бойитишни мақсад қилган. Густавонинг сўзларига кўра, болаларни танлашда уларнинг шунингдек мактабда яхши ўқишларига, яхши хулқ-атвор эгаси эканликларига ҳам катта эътибор қаратилади.

"АҚШда Америка-Испания футболи бўйича ҳар йили халқаро мусобақалар ўтказилади ва кейинги йилларда уларда ўзбекистонлик болаларнинг ҳам иштирок этишини режалаштиряпмиз. Биз Испаниянинг RC Celta футбол жамоасининг расмий ҳамкорлари ҳисобланамиз. Асосий мақсадларимиздан бири Ўзбекистондаги иқтидорли болаларни танлаб олиб, АҚШ ёки Испанияга олиб бориш ва уларнинг истеъдодини скаутларга (иқтидорли ёш ўйинчиларни сотиб олувчи харидорларга) намойиш қилиш. Скаутлар уларга қизиқиш билдирган тақдирда, ўзбекистонлик болалар Европанинг олий лига жамоаларида тўп суриш имконини қўлга киритишади. Жойлар чекланмаган, болалар АИФА талабларига жавоб берса, жамоаларимизга қабул қилинади. Яхши ўқиши, намунали хулқи билан ажралиб турувчи ва футболда юқори натижаларни кўрсатган ёшлар (16-20 ёш) келгусида АҚШнинг етакчи университетларида бюджет асосида ўқиш имконини ҳам қўлга киритишлари мумкин", - деди Густаво Жеремилло.

АИФА очилишида ҳурматли меҳмон сифатида қатнашган ўзбекистонлик мураббий Игор Шквириннинг фикрига кўра, бундай спорт лойиҳалари болаларга профессионал даражада спорт билан шуғулланиш учун катта имкониятлар яратади.

"Мана, яхшилаб қарасангиз, уларнинг формасидан тортиб то спорт анжомларигача - барчаси профессионал даражада ташкил қилинган. Болаларни умумжамоа бўлиб ҳаракат қилишга ўргатиш муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг футболга доир оладиган билимлари ҳам мотивацион тамойилларга асосланади. Масалан, 3-4 ёшли болани футболга қандай қизиқтириш мумкин? У билан баравар югуриш керак. Европа ва бошқа хорижий мамлакатларда ҳозир шундай тенденция кетмоқда. Бугун Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида спортга катта эътибор қаратилмоқда. Бугунга келиб, Ўзбекистоннинг барча туманларда футбол майдонларини кўриш мумкин. АИФАнинг хорижлик мутахассислари футбол майдонларининг кўплигини кўриб, ҳайратларини яширишмади. Меҳмонлар тунги соат 2 атрофида футбол ўйнаётган ёшларни кўриб, "Ҳатто Америкада бундай ҳолатни кўриш амри маҳол" дейишди, - дейди у.

Ўзбекистондаги Америка-Испания футбол академияси асосчиси Шуҳрат Қосимовнинг айтишича, 4 ёшдан 17 ёшгача бўлган, футболга қизиққан болалар Ўзбекистонда ҳамкорлик йўлга қўйилган 10 жамоа (ҳозирча 10, келгусида уларнинг кўлами кенгаяди) сафига қўшилиши мумкин бўлади.

"Ҳозирча 10 нафар мураббий билан ишлаяпмиз, уларга ҳам ҳар йили Америкада бўлиб малака ошириш имкони тақдим этилади. Америка-Испания футбол академияси ҳозирча фақат Тошкент шаҳрида ишга тушади, кейинчалик унинг кўламини кенгайтириш ниятимиз бор. Дўконларни айланиб, бу ерда футболчилар учун керак анжомларнинг жуда камлигига гувоҳ бўлдик. Биз АҚШга бориб, барча зарур анжомларни Ўзбекистонга олиб келиб, шундан кейин фаолият доирамизни кенгайтиришга қарор қилдик", - дейди Шуҳрат Қосимов. 

Унинг сўзларига кўра, Академия дастури асосида шуғулланиш истагини билдирган ва ҳамкорлик йўлга қўйилган 10 жамоадаги болалар ойига 100 минг сўм эвазига АИФА сирларини ўрганишга киришишди. Янги қўшиладиган таркибдагилар эса ойига 300 минг сўм тўлаб, яшаш жойига қараб, ўзига қулай бўлган жамоага қатнаши мумкин бўлади.

"Биз Ўзбекистондаги вазиятни ўрганиб чиқиб, АИФАда тўп суриш имкон қадар ҳамёнбоп бўлишига эътибор қаратяпмиз", - қўшимча қилади ватандошимиз.

Бундан ташқари, Шуҳрат Қосимов Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган Ўзбекистондаги ислоҳотлардан илҳомланиб, мамлакат ривожига ҳисса қўшиши мумкин бўлган қатор таклифларини тайёрлаб, уларни амалга оширишга доир аниқ тасаввур, билим ҳамда имкониятга эгалигига амин бўлдик.

                                                                                         Kun.uz