Ўзбекистондаги ер остки минерал ресурсларнинг умумий қиймати 5,7 триллион долларга тенг
Ўзбекистондаги минерал ресурслар хом ашёси 5,7 триллион долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Азам Қодирхўжаев маълумот берган.
«Ўзбекистоннинг, ҳозиргача, 20 фоиз майдони ўрганилган, холос. Келажакда янги ва йирик конларни очиш истиқболлари ҳам мавжуд. Мутахассисларнинг фикрича, республикадаги ер остки фойдали қазилма бойликлари ҳамда минерал ресурсларнинг умумий қиймати 5,7 триллион долларга баҳоланади.
Шулардан, 1 триллион доллар қийматга эга бойликлар айни пайтда фойдаланишга тайёр конларда мавжуд», – дейди Қодирхўжаев.
Унинг сўзларига кўра, фойдаланилмай турган ер остки бойликларини эксплуатация қилиш учун берилаётган лицензиялар сони ошиб бормоқда. Натижада, сўнги йилларда қўмита 1200дан ортиқ шундай лицензия тақдим этган.