Машҳур қизиқчи Ҳожибой Тожибоевга жигар касаллиги юқтирилганмиди?
(last modified Mon, 30 Jul 2018 06:43:00 GMT )
июл 30, 2018 11:43 Asia/Tashkent
  • Машҳур  қизиқчи Ҳожибой Тожибоевга жигар касаллиги юқтирилганмиди?

Машҳур қизиқчи Ҳожибой Тожибоевнинг ёруғ дунёдан ўтганига ўн йил бўлди. Эл суйган қизиқчининг ўлимига сабаб бўлган жигар хасталиги унга атайин юқтирилганмиди? Санъатшуносларнинг айтишларича, йиллар ўтган сари машҳур қизиқчининг қадри ортмоқда.

У билан ўтказилган суҳбатлардан бирида «Даракчи» мухбири Ҳожибойдан «Бугунги ўзбек қизиқчилиги ҳақида қандай фикрдасиз? Қизиқчилик билан масхарабозлик аралашиб кетгандай туюляпти», дея сўрайди.

Ҳожибой бу саволга одатдагидай ҳазил аралаш жавоб беради:

«Аралашиб кетганига анча бўлди. Энди ҳамма дунёни ўз қаричи билан ўлчайди. Масалан, ақлли одам дунёнинг ақлли томонларини кўраркан, аҳмоқ одам аҳмоқона томонларини кўраркан-да. «Сен менга битта ҳажвия айтчи, мен сенга кимлигингни айтаман», деган гап бор-ку.

 «Халқ камдан-кам қизиқчига қизиқ унвонини берган. Масалан Юсуфжон қизиқ,Охунжон қизиқ. Умуман, ўзбек қизиқчилик тарихини олсангиз, қизиқлар сони бармоқ билан саноқли. Улар чинакам туғма қизиқчилардир. Ҳожибой акам ҳам улардан бири эди. Эл орасида «Ҳожи қизиқ» деган ном қозонди», дейди Ҳожимурод Тожибоевнинг тожикистонлик шогирди Ғайрат Ҳамроқулов.  

Ҳожибой - Ҳожимурод Тожибоев айни камолот ёшида - 53 ёшда вафот этгач, ҳар хил миш-мишлар тарқаб кетди. Ҳатто унга жигар циррози атайлаб юқтирилган деган гаплар пайдо бўлди.

«Касаллик тиш олдирганликларидан кейин ўтгани рост. Лекин мен буни тиш духтурининг эҳтиётсизлиги, деб ўйлайман», дейди Ҳожимуроднинг укаси Бекмурод.

Унинг айтишича акаси хавфли касаллик юқтирганини деярли тўрт йилгача сезмаган. Сезганда эса, яқинларига, жумладан, ўзи билан доим Тошкентда бирга бўлган Бекмуродга билдирмаган.

«Акам агар мен билсам, онамга бориб айтишим, волидамиз ғам чекишлари мумкинлигидан хавотир бўлганлар. Ҳар хил шифобахш гиёҳлар, дорилар ичиб юраверганлар, Беморликларини силлалари қуриб ҳолсизланишларидан, ориқлай бошлаганликларидан сезганмиз. Шунда ҳам бизга ўтим шамоллабди, парҳез қиляпман, деганлар. Тиш олдирганларида игнадан касаллик юққанини бир ҳажвларида ҳам айтиб кетганлар. Тиш духтурига кирасан, АБВГД деган касални чиқаради, деб айтганлар-ку».

Бекмуроднинг айтишича, касали хуруж қилганда ҳам Ҳожимурод эълон қилинган концертни қолдиришни истамаган.

- Охирги концертларида йўталларини яшириш учун саҳнада янги гап тўқиб кетдилар, усталик билан. Лекин барибир аҳволлари ёмонлашди. Номерлар тугаши билан тўнга ўраб , ичкарига олиб кирдик. Валижон Шамсиев уста қизиқчи, моҳир спортчи эканлигини кўпчилик билади. У моҳир массажчи ҳам экан. Акамни уқалашга тушиб кетди. Ўзига келтиргунча саҳнада куйлаётган Алижон Исоқовга яна бир-икки қўшиқ айтиб туришни тайинлашди. Акам ҳолатлари яхшиланишлари билан саҳнага отилдилар…- дея маъюс тортиб қолади Бекмурод.

Ҳожимуроднинг катта укаси Қўшмуроднинг айтишича, акаси вафот этганда унинг тепасида бўлган.

- Акамнинг тўсатдан оғриб қолганликлари ҳақида эшитиб, тезда Тошкентга етиб бордим. Тошкентнинг машҳур клиникаларидан бирига олиб бордик. Тезда жонлантириш хонасига олиб кириб кетишди. Духтурлар иложлари йўқлигини, касаллик тўртинчи босқичига ўтиб бўлганини айтишди. Акамнинг яқин дўстлари бирга эдилар. Маъмуржон Умаров, Анвар Абдуллаев… Эртасига машъум хабар тарқалди. Беморхонага жуда кўп ҳам ҳамкасблари, санъаткорлар, мухлислар келишди… Тошкентга қабрга қўйишни илтимос қилишди. Лекин биз акамнинг васиятларига кўра Янгиқишлоққа олиб келдик…

Халқ эъзозлаган Ҳожиқизиқ 1977-йилда Тошкент театр ва рассомлик институтини тугатганди. У аввало Тожикистондаги ягона - Шукур Бурҳонов номли ўзбек театрида ишлади. Шундан кейин Андижонда, Тошкентда. Бир муддат Хўжанддаги ҳозирги Камол Хўжандий номли музикали комедия театрида фаолият юритди. Умрининг кейинги йиллари эса, Тошкентда кечди. У қаерда концерт бермасин, камида тўрт минг нафар томошабин келадиган муҳташам «Халқлар дўстлиги» санъат саройидами, катта-катта стадионлардами, мухлислар тўлиб-тошарди.

Ҳожибой - Ҳожимурод Ўзбекистондаги «Кулги-90» танловининг мутлақ ғолиби бўлди. Унга Ўзбекистонда ва Тожикистонда хизмат кўрсатган артист унвонлари берилди.