Мирзиёев танқидларига қарамасдан машиналар нархи ошди
(last modified Tue, 31 Jul 2018 19:59:07 GMT )
август 01, 2018 00:59 Asia/Tashkent
  •  Мирзиёев танқидларига қарамасдан машиналар нархи ошди

Ўзбекистонда монополист бўлган GM Uzbekistan деярли ҳар йили машиналар нархини оширади.

Президент Мирзиёев Ўзбекистонда машина ишлаб чиқариш соҳасини танқид қилиши ортидан нархлар кўтарилди. "Ўзавтосаноат" 1 августдан бошлаб машиналарнинг нархи ўртача 14 фоизга ошишини маълум қилди.

"Ўзавтосаноат" бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов машиналар нархининг ошишига асосий сабаб қилиб Асакадаги заводнинг ишлаб чиқариш қуввати деярли ярим баробар тушиб кетгани билан изоҳлаган.

Умурзоқовга кўра, ишлаб чиқариш қуввати тушиб кетган заводдаги автомобиллар таннархи кўтарилиб кетган.

Президент Шавкат Мирзиёев май ойидан бери Асакадаги автомобил заводини танқид қилиб келади. У 19 май куни GM Uzbekistаn ни ҳеч кимга фойдаси йўқ заводлигини айтган.

"Бундай заводдан ўнта қилса, фойдаси бор. Рақобат бўларди. Бу машина завод учун ўтган 27 йил ичида жуда кўп имтиёзлар берилди, солиқдан озод қилинган, локализация кам қиляпти. Бу завод аҳолини янги иш ўринлари билан таъминлаб бермайди", деган Шавкат Мирзиёев.

26 июн куни ўтказилган йиғилишда эса Мирзиёев Ўзбекистонда автомобил саноати қарзга ботганини маълум қилди. "Ўзавтосаноат"нинг бир неча корхонаси 2017 йилни зарар билан якунлаган. Машиналар экспортга ўз таннархидан паст қийматга сотиб келинган.

Йилига 290 мингта машина ишлаб чиқарган завод, сўнгги вақтларда йилига 160-170 мингтага тушиб кетган.

Хуллас, ҳукумат монополиялашган автосаноат иқтисодга фойда келтириш ўрнига зарарига ишлаётганини маълум қилган.

Нархларнинг кўтарилиши ижтимоий тармоқларда ғазаб, норозилик ва сарказм билан қарши олинди.

Фойдаланувчилар Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган автомобил маркалари бошқа давлатларда қанча туриш билан солиштирган.

Масалан, Тожикистонда минилган Дамасларни 900 доллардан олса бўлади. Эски дамасларни Ўзбекистонда ўртача 4,5 минг доллардан олиш мумкин.

Ўзбекистонда машина нархлари аҳолининг даромадига тўғри келмаслиги айтилади.

Facebook да 740 минг сўмлик маош олувчи оддий шифокор Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган янги Спарк машинасини олиш учун емай-ичмай 7 йилу 8 ой тўплаган маошини сарфлаши кераклиги ёзилди.

Оддий позициядаги Спаркнинг нархи 68 миллион сўмдан ошиқроқ бўлган.

"Ўзавтосаноат" раҳбари Шавкат Умурзоқов 2019 йили бутловчи қисмлар нархини тушириш эвазига машиналарнинг баҳосини 9 фоизга туширишни маълум қилди.

Бироқ кузатувчилар ушбу ваъданинг бажарилишдан бажарилмаслик эҳтимоли кучли эканлигини айтмоқда.

Ўзбекистонда монополист бўлган GM Uzbekistan деярли ҳар йили машиналар нархини оширади.