Ойбек Ҳусанов: Ваҳший мелисалар ... Ҳамма жойим қонга беланди...
-
Тадбиркорнинг ЙҲХ ходимлари томонидан шикаст етказилган \"Малибу\" машинаси
Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг хабарига кӯра Андижон вилоят, Асака туман прокуратураси тадбиркор Ойбек Ҳусановнинг Асака шаҳар ички ишлар бўлимида 11 июль куни калтаклангани ва унга бир қанча тан жароҳатлари етказилгани ҳолати юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 105-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш), биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатди.
39 яшар Ойбек Ҳусанов бу калтакланиш натижасида унинг тўртта қовурғаси синганлиги, қайноқ асфальтда 350 метр масофага оёқяланг олиб боришгани оқибатида оёғи куйиб, панжаларини шиша кесиб юборганини айтади.
Ойбек Ҳусанов 31 июль куни ОАВ билан суҳбатда унинг Асака шаҳар ички ишлар бўлимида аёвсиз калтаклангани ҳақида, жумладан, шундай деган эди:
- Дежуркадан уч метр ҳам ўтган эдикки, битта мелиса қорнимга солди. Биттаси эса, кўкрак қафасимга қарсилллатиб тепди, биттаси калламга солди. Сал ҳушимни йўқотдим. Кейин судраб тепага иккинчи қаватга чиқаришди-да, залда ўртага олиб уришни бошлашди. ГАИ ва мелиса ходимлари аралаш уриб, тепа бошлади. Энди қўяверасиз, иккитаси елкамдан ушлаб турибди, биттаси тепяпти, униси ушлаб турибди, буниси тепяпти. Қорнимга, кўкрак қафасимга роса тепишди. Кейин ўзимдан кетиб қолибман, бир пайт яна ўзимга келиб, кўзимни очсам, Сардор Топларов деган мелиса гуп-гуп этиб юрагимга муштлаб уряпти экан. Сен ҳозир шу ерда ўласан, деб "наглий" айтяпти. Кейин ўзимдан яна кетиб чўзилиб қолгандим, дубинкалар билан оёғимни тагига уришди. Дод деяпман, кошки булар қулоқ солишса. Ваҳший мелисалар бундан ҳам қониқмади шекилли, тўрттаси оёқ қўлимда кўтариб олиб, плитка полга уч марта ташлади. Қўлим наручникда бўлгани учун, қўлларим кесилиб кетди. Ҳамма жойим қонга беланди, Милисалар уришаётганда ҳаммаҳаллам, терговчилар бошлиғи Шерзод Мамажонов ҳам ўтиб қолди. Ҳой ака, булар мени ўлдириб қўяди, десам, индамай ўтиб кетди, деган эди тадбиркор.
Савол туғилади: Зӯравонларни дастакловчи президентнинг ӯлиб кетганига ҳам ҳадемай икки йил бӯлади. Янги президент бутун куч ғайрати билан ислоҳотлар ӯтказишга киришган. Аммо нега Ички ишлар ва тергов тизимида ҳали ҳам гумонланувчини молдай дӯппослаш тажрибасидан воз кечилмаяпти?!
Бу соҳаларда ӯзгариш бӯлиши учун яна қанча ойбекларнинг қовурғаси синиши керак?!..