Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги юкларни транзит ташиш тўғрисидаги битим кучга кирди
Ўзбекистон ҳукумати билан Афғонистон ҳукумати ўртасида юкларни транзит ташиш тўғрисидаги битим 2018 йилнинг 2 август куни кучга кирди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборотига кўра, битим 2017 йилнинг 5 декабрь куни Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида имзоланган.
Битим томонларнинг икки давлат ҳудуди орқали юкларни трансит ташишни амалга оширишдаги расмиятчиликларни қисқартириш ва механизмларини белгилаш бўйича ҳамкорлиги учун ҳуқуқий асос яратади.
Ушбу ҳужжат қоидаларига кўра томонлар бир-бирларига ўз давлатлари ҳудудлари орқали юкларни транзит ташиш ҳуқуқини тақдим этади ҳамда темир йўл орқали транзит ташишда юклар ҳажмининг олдиндан мувофиқлаштирувини амалга оширади.
Ҳужжат юкларни ташиш борасида қулай шароитларни яратишга, Ўзбекистоннинг тразит салоҳиятини ошириш ва икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга йўналтирилган.