Тошкент халқаро аэропортида «АрМИ—2018» ўйинлари совриндорлари тантана билан кутиб олинди
(last modified Thu, 09 Aug 2018 05:05:36 GMT )
август 09, 2018 10:05 Asia/Tashkent
  • Тошкент халқаро аэропортида «АрМИ—2018» ўйинлари совриндорлари тантана билан кутиб олинди
    Тошкент халқаро аэропортида «АрМИ—2018» ўйинлари совриндорлари тантана билан кутиб олинди

Тошкент халқаро аэропортида «АрМИ—2018» Халқаро армия ўйинларида иштирокини якунлаб Ўзбекистонга қайтган Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат тўртта жамоани кутиб олиш маросими бўлиб ўтди

28 йўналишда ўтказилаётган Халқаро армия ўйинларининг 12 тасида иштирок этаётган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар «Йўл патрули», «Ҳарбий ралли» ва «Қуролсоз уста» турлари бўйича мусобақани муваффақиятли якунлади. Ҳар уччаласида ҳам ватандошларимиз фахрли 3-ўринни эгаллади.

Тўртинчи жамоа – ҳарбий кинологлар ўртасидаги «Содиқ дўст» танловида иштирок этган ҳарбий хизматчилар ва хизмат итларига озгина омад етмади. Танлов якунига келиб, уларнинг рейтинг баҳолари сезиларли даражада пасайиб кетган бўлсада, “Гита” лақабли Бельгия овчаркаси нафақат 300 метрли тўсиқлар йўлагидан ўтишда 1 дақиқаю 15 сония натижа билан рекорд ўрнатди, балки “Ҳимоя хизмати” шартидаги эҳтимолий душманни ушлаш вақтида уни сакраб бўйнидан йиқитганида унча мунча хизмат итларининг жисмоний қобилиятини кўрган ҳакамлар диққатига сазовор бўлди ва танлов қаҳрамонига айланди.

Таъкидлаш жоизки, Москва вилоятининг Нагинск шаҳрида ўтказилган “Йўл патрули” мусобақаларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ҳарбий автомобиль назорати инспекцияси ходимлари ҳам жонбозлик кўрсатишди. Улар икки йилдан бери фахрли 3-ўринни қўлдан бой беришмаяпти.

Халқаро армия ўйинлари доирасидаги “Ҳарбий ралли” танловида ўзбекистонлик авто усталари “Якка тартибдаги пойга”, “Таъқиб билан пойга”, “Отиш тайёргарлиги” ва “Гуруҳ ёрдамида пойга” каби 4 та тур бўйича баҳслашди. Мазкур мусобақада жонбозлик кўрсатган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар якуний натижаларга кўра 3-ўринга муносиб деб топилди. 1-ўринни россияликлар қўлдан бермаган бўлса, 2-ўрин хитойлик ҳарбийларга насиб этди.

“Қуролсоз уста” танловида  ҳам Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари қўйилган вазифани  (“Град” реактив тизимидаги жанговар машина эҳтиёт қисмларини ўрнатиш, машина ғилдирагини алмаштириш  ҳамда ундан ўт очиш) бажаришда катта натижаларга эришди. Улар олти мамлакат жамоаси иштирокида беш босқичда ўтказилган танловда 3-ўринни қўлга киритди.

Ёрлиқ