Тошкент ИИББ 'опер'ини судга мажбурлаб келтира олишмади
(last modified Sun, 12 Aug 2018 02:34:10 GMT )
август 12, 2018 07:34 Asia/Tashkent
  • Тошкент ИИББ 'опер'ини судга мажбурлаб келтира олишмади

Тадбиркор Жаҳонгир Умаровга опиум ташлаб қўйгани айтилаётган Тошкент шаҳар ИИББ ўта махфий ишлар бўйича катта тезкор ходими Фатхитдин Нуритдинов судда ҳозир бўлмади.

8 август куни судя Зафар Бобонов оперни судга мажбурий тарзда келтириш ҳақида ажрим чиқарганди.

Судни яқиндан кузатаётган журналист Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, 10 август куни судга Фатхиддин Нуритдинов мажбурий тарзда келтирилмаганлиги сабабли у қолдирилган.

Фатхиддин Нуритдинов тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Умаровни ушлаш учун опиум ташлаб қўйгани ҳақида мақтаниб гапиргани ижтимоий тармоқларда овоза бўлган эди.

Судда ашёвий далил сифатида тингланган ва интернетга тарқалиб кетган аудиода Фатхиддин Нуритдинов "опиумни ташлаб қўйганимни шерикларим ҳам билмай қолди", деб мақтанади.

Тадбиркор Жаҳонгир Умаров ҳибсга олинган вақти аёвсиз қийноқларга тутилганлигини айтган.

8 август куни ўтган судда маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси Фатхиддин Нуритдиновни 23 июль куни ишдан бўшатиб юборган.

Олдинроқ Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси Олмазор туман маҳкамасидаги судда келтирилган кўрсатмаларга раддия эълон қилган.

Тошкент милицияси матбуот хизмати тарқатган матнда айтилишича, 2018 йил 22 январь куни офисида қўлга олинган пайтидаёқ "Интеграл Инвест" корхонаснинги раҳбари Жаҳонгир Умаровнинг танасида "моматалоқ ва тирналган излар аниқланган".

ИИББ Фатхиддин Нуритдиновни нима сабабдан ишдан олинганлигига изоҳ бермаган.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, Ички ишлар бошқармаси ички хизмат текшируви ўтказган ва собиқ катта тезкор ходимига нисбатан жиноий иш очган.

"Интеграл Инвест" корхонаснинги раҳбари Жаҳонгир Умаровни дарҳол озод қилиш талаби билан суд олдида пикет бўлиб ўтган.