ОАВ: Каримов номи тилга олинмасин! -- дея буйруқ берилган...
(last modified Wed, 22 Aug 2018 19:06:08 GMT )
август 23, 2018 00:06 Asia/Tashkent
  • Самарқандда марҳум президент Ислом Каримов сурати туширилган нарсалар сотган тужжорлар жорий йилнинг 17 май куни жаримага тортилган эди.
    Самарқандда марҳум президент Ислом Каримов сурати туширилган нарсалар сотган тужжорлар жорий йилнинг 17 май куни жаримага тортилган эди.

Ўзбекистон телеканалларида Ислом Каримов исмини айтмаслик талаб қилингани иддао қилинмоқда

Ўзбекистон МТРК таркибидаги барча каналлар муҳаррирлари жорий ҳафта бошида мамлакатни 1989 йилдан 2016 йилгача бошқарган марҳум Ислом Каримовнинг исми эфирда умуман айтилмаслиги лозимлиги тўғрисида огоҳлантирилган.

ЎзМТРК таркибидаги каналларидан биридаги жонли эфир бошловчисининг  айтишича¸ у ва ҳамкасбларига «Ислом Каримовнинг номи эфир сеткасига кирган барча дастурларда айтилмаслиги борасида Президент Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновдан «прямой запрет» келгани тўғрисида бевосита раҳбари айтган:

- Агар Каримовнинг исми эфирда кетса каллангдан ажрайсан дейишди. Бу госсоветник Султоновнинг буйруғи деб қўрқитишди.

Ўзбекистон телеканалларидан бирининг Бош муҳаррирининг айтишича, МТРК раҳбарият таркибига кирувчи барчадан «Ислом Каримов исмини умуман тилга олмаслик» талаб қилинган:

«Тавсия эмас талаб қилинди. Айниқса, кекса авлодга мансуб зиëлиларнинг Каримовни эслаб гапириб қолиш эхтимоли борлиги учун¸ бундай риск категориясига кирувчиларни жонли эфирга яқинлаштирмаслик чоралари кўрилди».

Исми айтилмаслиги шарти билан гапирган Бош муҳаррирнинг айтишича¸ Ислом Каримов исмига тақиқ бошланганига бир ой бўлган:

- Душанба кунги мажлисда яна эслатилди "Каримов номи тилга олинмасин", деб. Ўзи йил бошидан бери Каримовнинг номини камроқ айтинглар¸ Шавкат Миромонович номига "юртбоши" калимасини қўшиб айтиб улуғланглар, деган тавсия бор эди. Аммо мана бир ойдирки, муҳаррирлар қўлида лупа билан матнлардан Ислом Каримов исмини қидириб топиб, ўчириб ташлаб ўтирибди. Ҳозирги кунда Каримовнинг номини эфирда бериш диний экстремистлар етакчиси Тоҳир Йўлдошни исмини эфирга беришдан ҳам хавфли бўлиб қолди.

ЎзМТРК таркибига кирувчи "Ëшлар" телеканалида бўлим бошлиғи лавозимида ишлайдиган журналистга кўра¸ «Кадрда Ислом Каримов расми¸ ҳайкали ëки исми ëзилган лавҳалар кўриниб қолишига нисбатан ҳам тақиқ жорий қилинган»