Лола Каримова-Тиллаеванинг ЮНЕСКОдаги лавозими кимга ўтди?
Лола Каримова-Тиллаеванинг лавозимини эгаллаган Умид Шадиев ҳақида маълумот жуда кам
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Умид Шадиев Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКОдаги Доимий вакили этиб тайинлангани ва Тошкент шаҳридан Парижга жўнаб кетганини хабар қилди.
Вазирликнинг у ҳақидаги ягона маълумотига кўра, Шадиев илгари Ню-Йорк шаҳрида Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий ваколатхонасининг маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.
Умид Шадиев ҳақида бошқа расмий маълумот йўқ. Унинг сурати ҳам тақдим қилинмаган.
Ўзбекнетда эса Шадиевнинг ўзбекистонлик миллиардер Патох Шодиевнинг жияни экани ҳақида хабарлар тарқалган.
Собиқ президент Ислом Каримов даврида Ўзбекистонда бизнес қила олмаган ва Қозоғистондаги энг бой уч кишидан бири саналган Патох Шодиев охирги икки йил ичида Ўзбекистонда кўп кўзга кўрина бошлади.
Бельгия фуқароси бўлмиш Патох Шодиев ўтмишда Бельгия прокуратураси томонидан ўз шериклари Александр Машкевич ва Алижон Ибрагимов билан биргаликда пул ювиш айби билан судга тортилган.
2011 йилда учовлон прокурорларга жарима тўлашга рози бўлиши ортидан мазкур иш ёпилган. Жарима миқдори эса ошкор қилинмаган.
Уч миллиардер ҳам, прокурорларга кўра, ҳукм чиқарилмагани учун айбсиз ҳисобланади.
Жорий йилнинг февралигача Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси вазифасини Президент Каримовнинг иккинчи қизи Лола Каримова-Тиллаева бажариб келган.
ЮНЕСКОдаги ўн йиллик фаолиятини тўхтатиши ҳақида хабар беришидан бир ой ўтиб эса Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистон гимнастика федерацияси Президентлиги лавозимини тарк этишга "мажбур" эканлиги ҳақида ёзган.
"Мен ушбу пост орқали, мана 13 йиллик фаолиятимдан сўнг Ўзбекистон гимнастика федерацияси Президентлиги лавозимини тарк этишга мажбур эканлигимни эълон қилмоқчиман," деб ёзган Лола Каримова-Тиллаева ўз Инстаграм саҳифасида.
Би-би-си Ўзбек унга билвосита мурожаат қилганида, Лола Каримова-Тиллаева ростдан ҳам бу лавозимни тарк этишга "мажбур бўлган"ини тасдиқлади, аммо бошқа маълумот бермади.