сентябр 01, 2018 19:38 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев: «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари дадил қадам қўймоқдамиз»
    Мирзиёев: «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари дадил қадам қўймоқдамиз»

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи матни эълон қилинди. Қуйида ушбу нутқ матни тўлиқ ҳолда келтирилади.

Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!

 Муҳтарам меҳмонлар! Хонимлар ва жаноблар!

 Аввало, сиз, азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни энг буюк, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этишга ижозат бергайсиз. Биз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берган шу қутлуғ санада халқимиз қандай машаққатли ва айни вақтда шарафли йўлни босиб ўтганини яна бир бор чуқур ҳис этамиз. Мана шундай улуғ айёмда бутун ҳаётини озодлик учун курашга бағишлаган, бу йўлда жон фидо қилган ота-боболаримиз, мард ва жасур юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирамиз. Дунё миқёсида рақобат кескинлашиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда мамлакатимизни илм-фан ютуқлари, юқори технологиялар асосида модернизация қилиш ва янгилаш энг муҳим вазифамизга айланмоқда. Ана шундай ўткир талабни чуқур англаган ҳолда, биз 2018 йилни юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилдик. Бу борада қабул қилинган Давлат дастурида 11 триллион 200 миллиард сўм ва 1 миллиард 300 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги ишларни амалга ошириш кўзда тутилган. Дастур ижросини таъминлаш учун кенг кўламдаги улкан ишлар олиб борилмоқда. Юртимизда фаол инвестиция сиёсати юритилмоқда, замонавий корхоналар барпо этилмоқда, солиқ тизими тубдан ислоҳ қилиниб, тадбиркорлик ва хусусий мулкни ривожлантириш, барча соҳа ва тармоқларда инновация, илм-фан ютуқлари, янгича ва ижодий ёндашувларни жорий этишга алоҳида эътибор берилмоқда.  Албатта, барчамизни хурсанд қиладиган бундай ўзгаришлар минг-минглаб оилалар ҳаётига шодлик ва бахт олиб келмоқда. Ҳеч шубҳасиз, ҳаётда мана шундай қувончли воқеалар юз берганда инсоннинг қадди ҳам, қадри ҳам кўтарилади. Бундай дамларда адолат ҳақида гапирмасангиз ҳам одамлар ҳақиқат ва адолат борлигига ишонади. Илоҳим, юртимизда уй тўйлари, ҳовли тўйлари янада кўпайсин, бу хонадонларда янги ҳаёт бошлаётган одамлар мурод-мақсадига етсин! Аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳар бир оилада тадбиркорлик муҳитини яратиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Кейинги икки йилда мамлакатимиз бўйича 700 мингдан ортиқ юртдошларимиз иш билан таъминлангани, тижорат банклари томонидан тадбиркорларга 25 триллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилгани ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасидир. 

Агар халқимиз биздан рози бўлса, Яратган ҳам албатта рози бўлади. Бу ҳақиқатни ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги зарур. Ҳурматли анжуман иштирокчилари! Мана, бугун Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланган юртдошларимизга ана шу мукофотлар марказда ва жойларда тантанали равишда топширилди. Ўзининг кўп йиллик фидокорона меҳнати билан эл-юртимиз ўртасида катта обрў-эътибор топган бу инсонларни ўз номимдан, сизларнинг номингиздан яна бир бор табриклаб, эзгу тилакларимни билдиришга рухсат этгайсиз. Жонажон Ўзбекистонимизда, барча шаҳар ва қишлоқларимизда сизлар каби фидойи одамлар сафи янада кенгайиб, олижаноб меҳнатингиз самарасидан аввало ўзингиз, оилангиз, эл-юртимиз баҳраманд бўлсин! Хонадонларингиздан бахту саодат, файзу барака ҳеч қачон аримасин!

Азиз дўстлар! Бугунги таҳликали замонда бебаҳо бойлигимиз бўлган тинч-осойишта, эркин ва обод ҳаётни ҳар томонлама асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш энг асосий вазифамиз бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини оширишга бундан буён ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Биз дунё миқёсидаги кескин ва бешафқат рақобатга бардош бериш учун иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, жаҳон бозоридан муносиб ўрин эгаллаш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада оширишга эришмоғимиз зарур. 

Қадрли анжуман қатнашчилари! Биз жаҳон ҳамжамияти билан, барча узоқ-яқин давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқаларни янада кучайтирамиз. Турли халқаро ташкилотлар, нуфузли молия институтлари билан кенг тармоқли ҳамкорликни ривожлантириш бизнинг миллий манфаатларимизга тўла жавоб беради ва биз бу йўлни қатъий давом эттирамиз. Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанали маросимда иштирок этаётган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, халқаро ташкилотлар вакилларига, чет эллик шерикларимизга, Ўзбекистоннинг барча дўстларига сизларнинг номингиздан, ўз номимдан самимий ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларимизни билдиришга ижозат этгайсиз. Азиз ва муҳтарам ватандошларим! Барчангизни Ўзбекистон давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбдан самимий табриклайман. Мана шу улуғ айёмда барча ютуқларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган меҳнаткаш, мард ва саховатли, бағрикенг ва олижаноб халқимизга фарзандлик меҳрим билан таъзим қиламан. Фурсатдан фойдаланиб, кўнглимдаги энг эзгу тилакларни билдирмоқчиман. Бугун барчамиз нуроний оқсоқоллар, муҳтарам фахрийларимизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр тилаймиз. Мўътабар, дуогўй онахонларимизга чин юракдан фарзандлик ташаккуримизни билдирамиз. Хонадонларимиз кўрки ва фариштаси бўлган мунис аёлларимиз доимо соғ-омон, бахтли-саодатли бўлсинлар! Чунки аёл, она бахтли бўлса – жамият бахтлидир. Ватанимиз ва халқимизга ўзининг билим ва заковати, маънавий салоҳияти билан хизмат қилаётган илмий ва ижодкор зиёлиларимизга янги-янги ютуқлар ёр бўлсин! Юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик янада барқарор бўлсин! Азму шижоатли ёшларимизнинг, барча фарзандларимизнинг бахту камолини, омадини берсин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин! 

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Ёрлиқ