Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон расмийларидан блогерларни озод қилишга чақирди
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Ўзбекистон расмийларини диний ва ижтимоий мавзуларга ёзадиган тўрт нафар блогерларни - Адҳам Олимов (Мусанниф Адҳам), Зиёдулла Кабиров (Зиёвуддин Раҳим), Отабек Усмонов ва Хуршидбек Муҳаммад Розиқовни озод қилишга чақирди, - дея хабар берилади ташкилот сайтида.
Фарғона.ру сайтига кўра, “Ўзбекистонда блогерларни қўлга олиш мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ муаммолар ҳал бўлмаганини кўрсатмоқда. Расмийлар қўлга олинган блогерларни озод қилиши ҳамда журналистларга Ўзбекистон жамияти учун муҳим бўлган масалаларни очиқ шарҳлаш имкониятини таъминлаши лозим”, - деб билдирди қўмитанинг Европа ва Марказий Осиёдаги илмий ходими Гулноза Саид.
Ташкилот қайд этишича, қўлга олинган блогерларнинг аксарияти сўнгги пайтларда ҳижобнинг мактабларда тақиқланишини танқид қилганлар ҳамда диндор уламоларни таъқиб этиб келган собиқ президент Ислом Каримовга яқин бўлган сиёсатчилар Шавкат Мирзиёев администрациясида маслаҳатчи лавозимларида қолганлари борасида норозилик билдирганлар.
Мониторинг натижалари кўрсатишича, республикадаги мустақил журналистлар ўз мақолаларини одатда ўзбекистонликлар томонидан ўз фикрларини изҳор этиш учун асосий платформа бўлиб қолган Facebook ижтимоий тармоғида чоп этиб келмоқдалар.
Шу билан бирга, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистонда сўз эркинлиги масаласида ижобий ўзгаришлар содир бўлганини таъкидламоқда. Бунга Каримовнинг ўлимидан сўнг колониялардан ўнлаб сиёсий маҳбуслар чиқарилгани далил бўлади. Жорий йилнинг май ойида сиёсий мотивларга кўра айбланган икки журналист сўнгги йигирма йил ичида суд қарори билан қамоқ жазосидан қутилиб қолдилар, гап Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаётхон Насриддинов ҳақида кетмоқда.
Блогерларни қамаб қўйишгани тўғрисида маълумот сентябрь бошида пайдо бўлди – ўшанда гап уч киши – Адҳам Олимов, Зиёвуддин Раҳим ва Отабек Усмонов ҳақида кетаётганди. Бир неча кун ўтиб ушлаб кетилган блогерларнинг сони 9 кишига етгани маълум бўлди.