Абдулазиз Комилов Ҳиндистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди
16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатга амалий ташриф билан келган Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар давлат вазири Мобашар Жавад Акбарни қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Кун.уз сайтига кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга бўлажак ташрифи ва Ҳиндистон раҳбарияти билан бўладиган музокараларига тайёргарлик кўриш жараёни учрашув кун тартибининг асосий масаласи бўлди.
Ҳозирги вақтда икки мамлакатда ҳам олий даражадаги Ўзбекистон-Ҳиндистон учрашувининг мазмуний қисми устида биргаликда ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳада қатор муҳим тадбирлар ўтказилмоқда.
Шу ўринда 2018 йилнинг 13-14 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқотининг 5-мажлисида иштирок этган Мобашар Жавад Акбар таъкидлашича, икки томонлама муносабатлар учун жуда муҳим ҳодиса арафасида шу каби тадбирларнинг ўтказилиши катта аҳамият касб этади.