Жакартада Ўзбекистон байроғи кўтарилди
(last modified Fri, 05 Oct 2018 14:39:15 GMT )
октябр 05, 2018 19:39 Asia/Tashkent
  •  Жакартада Ўзбекистон байроғи кўтарилди

Эртага, 6 октябрь куни Индонезияда III Параосиё ўйинлари расман старт олади.

Ўзбекистон спорт делегацияси мусобақа ўтказиладиган мамлакатга катта тайёргарлик билан етиб борган. Асосий мусобақалар бошланишига икки кун қолганида ўзбекистонлик атлетлар навбатдаги расмий тадбир – иштирокчи мамлакатларнинг байроқларини кўтариш маросимида қатнашишди, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси вакиллари, мураббийлар ва спортчилар иштирок этишди. Мадҳия садолари остида мамлакат байроғи кўтарилди. Энди Жакартадаги Паралимпия шаҳарчасида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи ҳам ҳилпираб турибди.

Тадбир якунида Паралимпия шаҳарчаси мэри Рафик Ҳаким Радинал делегациялар раҳбарларига эсдалик совғаларини топширди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси номидан мезбонларга аталган эсдалик совғаси туҳфа қилинди.

Мазкур ўйинларда ўзбекистонлик атлетлар паралимпия спортининг дзюдо, сузиш, енгил атлетика, ўқ отиш ва пауэрлифтинг турлари бўйича медаллар учун кураш олиб боради. Турнирда жами 18 та спорт тури бўйича медаллар учун баҳслар бўлиб ўтади.

Эртага, 6 октябр куни маҳаллий вақт билан соат 18:08да (Тошкент вақти билан 16:08) Жакартадаги «Gelora Bung Karno Stadium»да мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. 7 октябрдан эса асосий мусобақаларга старт берилади. Ёпилиш маросими 13 октябрга белгиланган.

Ёрлиқ