Ўзбекистонда Марказий Осиё ёшларининг дўстлик форуми бошланди
Термиз шаҳридаги халқаро ёшлар оромгоҳида Марказий Осиё ёшларининг дўстлик форуми ташкил этилди
Дарё.уз сайтига кўра, тадбирга қўшни Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган фаол ёшлар «Термиз» халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Форум иштирокчилари 5 кун давомида ўзаро фикр алмашиб, саломатлик, спорт ва табиат муҳофазаси муаммолари ечимларини муҳокама этади. Фан, таълим, маданият каби соҳаларнинг янги ютуқлари ва энг яхши таълим моделлари тақдимотларини ўтказади. Ёш кинематографлар тақдимоти, ёш дипломатларнинг «Ўрта Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш» мавзусидаги форуми ўтказилади.
—«Муаммоларни ҳал этишда кўнгилли ёшларни жалб этиш механизмлари» мавзусида маъруза тайёрлаб келганман, — дейди афғонистонлик Саодатзода Саиджамолиддин. — Ҳар бир мамлакат ёшларининг ўзига хос дунёқараши бор. Ушбу форум қўшни давлатдаги тенгдошлар билан суҳбатлашиш, тажриба алмашиш имкониятини беради.
Форум 15 октябрга қадар давом этади.