Тошкентда Москва энергетика институтининг филиали очилади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин давлат ташрифи доирасида Россиянинг нуфузли олий таълим муассасалари ва республикадаги олий таълим муассасалари ўртасида малакали мутахассисларни ҳамкорликда тайёрлаш мақсадида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кўплаб шартномалар имзоланмоқда.
19 октябрь куни «МЭИ» (Москва энергетика институти) Миллий тадқиқотлар университетининг ректори Н.Д.Рогалев, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълими вазири Иномжон Мажидов ҳамда «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти бошқарув раиси Улуғбек Мустафоев ўртасида «МЕИ» (Москва энергетика институти) Миллий тадқиқотлар университетининг Тошкент шаҳридаги филиалини очилишига тайёргарлик кўриш тўғрисида келишувни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақида «Ўзбекэнерго»АЖ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тошкентда мазкур университет филиалининг очилиши қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади:
энергетика соҳасида муҳим илмий-техникавий вазифаларни ечиш имконига эга кадрларни тайёрлаш;
электр энергия тизимида тежамкорликни оширишга йўналтирилган инновацион лойиҳаларни амалиётга тадбиқ этиш;
энергетика соҳасида жаҳон андозаларига мос инновацион тадқиқотларни олиб бориш;
тизимда ва ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳаларида электр техникаларининг эксплуатациясида самарадорликни ошириш бўйича ишланмаларни тадбиқ этиш.
Маълумот ўрнида: «МЭИ» (Москва энергетика институти) Миллий тадқиқотлар университети Россиянинг нуфузли олийгоҳларидан бири ҳисобланиб, 1930 йилда ташкил этилган. Мазкур олий ўқув юрти энергетика, электротехника, электроника, информацион технологиялар ҳамда радиотехника каби соҳаларга мутахассислар етиштириб чиқаради.