Шифокорларнинг маоши оширилди
Ўзбекистонда давлат тиббиёт муассасалари ва фармацевтика ходимларининг маошлари 1 декабрдан бошлаб оширилади. Бу ҳақида 7 ноябрь куни имзоланган президент қарорида айтиб ўтилган, ЎзА хабарига асосан.
“Давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари 2018 йил 1 декабрдан 1,2 баравар ва 2019 йил 1 апрелдан 1,15 баравар босқичма-босқич оширилсин”, - дейилган президент қарорида.
Умумий ҳисоб-китоб қилганда, 2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари ва фармацевтика ходимларининг маоши бугунги кунга нисбатан +38 %га оширилади.
Келажакда ушбу соҳа вакиллари маошлари бундан ҳам юқори бўлиши мумкин, чунки қарорда юқоридаги соҳалар ходимларининг маошлари “халқаро тажрибани ўрганиш асосида тубдан қайта кўриб чиқилади” дейилган.