Вазирлик болаларнинг оммавий заҳарланиш тафсилотларини маълум қилди
Вазирлик маълумотига кўра, айни вақтда оммавий заҳарланиш туфайли шифохонага олиб келинганлар сони 62 нафарга етган - 59 нафар тарбияланувчи ва боғчанинг 3 нафар ходими.
Ўзбекистон республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Бекободдаги 8-сонли мактабгача таълим муассасасида рўй берган ҳодисани ўрганмоқда. Вазирлик маълумотига кўра, айни вақтда оммавий заҳарланиш туфайли шифохонага олиб келинганлар сони 62 нафарга етган - 59 нафар тарбияланувчи ва боғчанинг 3 нафар ходими.
«9 ноябрь куни соат 17:15дан 10 ноябрь куни соат 16:00га қадар Бекобод шаҳри тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар касалхонасига жами 62 бемор «Ўткир гастрит, гастроэнтерит» ташхиси билан ётқизилган. Болалардан 7 нафарининг аҳволи енгил даражада, қолганларнинг соғлиги даражаси ўртача оғирликни ташкил этмоқда», дейилади хабарда.
Касалхонага ётқизилган болалардан ва тарбиячилардан бактериологик текширувлар учун анализлар олинган ҳамда лабораторияга юборилган. Эпидемиологик текширувлар, шунингдек, бактериологик текширувлар натижасига кўра якуний ташхис берилади.
Айни вақтда 20 кишига жавоб берилган. 11 ноябрь куни аҳволи яхшиланган болаларнинг навбатдаги қисми ҳам уйига қайтиши мумкин.
Текширувлар вақтида аён бўлишича, мактабгача таълим муассасасидаги совуткич яроқсиз ҳолатда бўлган. Ҳамширалар томонидан кунлик намуналар олинмаган. Боғчада сабзавотлар ва илдизмевали ўсимликларни қайта ишлаш учун алоҳида хона бўлмаган.
Айни вақтда Бекобод шаҳри ҳокими боғчага янги холодильник олиб келиши учун кўрсатма берган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан махсус гуруҳ ушбу боғчага юборилган, гуруҳ аъзолари маҳаллий мутахассисларга методик ёрдам кўрсатишади.
Маълумот учун, Бекободдаги 8-сонли мактабгача таълим муассасаси 280 ўринлик бўлиб, болалар 11 гуруҳга ажратилган. Шундан 2та гуруҳ қисқа муддатли, яна 9та гуруҳдаги болалар эса 10,5 соат давомида боғчада бўлишади. Жами 235 бола боғчага қабул қилинган бўлиб, 9 ноябрь куни уларнинг 205 нафари боғчага келган.
Бу муассаса биноси 1980 йилда қурилган, сув ва иситиш тизимига эга, шунингдек, табиий газ билан таъминланган.
Болалар 8 ноябрь куни қуйидаги меню бўйича овқатланишган:
Нонушта:
творогли запеканка, нон, сариёғ ва сут;Тушлик: мохора (нўхатли шўрва), макарон билан гўштли тефтели, қандлавлагидан салат, олчали компот;
Иккинчи тушлик:
қовурилган бурда нон, шакар чой.9 ноябрь кунги меню:Нонушта: сметанали вермишель, сариёғ суртилган нон, конфет ва чой;
Тушлик:
угра, палов, нон, йогурт («Оқ чашма» хусусий компанияси маҳсулоти);Иккинчи тушлик: нон ва пишлоқ, ўрикли компот.
Вазирлик ҳодиса юзасидан суриштирувларни давом эттирмоқда.
Айни вақтда Бекободдаги боғча фаолияти вақтинчалик тўхтатилган ва ҳудудда дезинфекция тадбирлари олиб борилмоқда.
Бундан аввалроқ мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан судга оид кимёвий ва бактериология экспертизалари тайинланиб, Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.