Хитой Каттақўрғондаги цемент заводига 420 млн доллар инвестиция киритмоқчи
Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида қурилиши бошланган минтақадаги энг йирик цемент заводи лойиҳасини амалга ошириш учун хитойликлар $420 млн инвестиция киритмоқда.
УзА сайтининг хабар қилишича, Янги ўзбек-хитой корхонаси Hengyuan Cement деб номланади.
Лойиҳани амалга ошириш учун ўзбек томонидан Zamon inginiring, хитойликлар томонидан — Gansu Hengya Cement Co компанияси иштирок этади. Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳрамовнинг таъкидлашича, Hengyuan Cement — бу чет эл капитали ҳисобига туманда бунёд этилаётган илк корхонадир.
Gansu Hengya Cement Co. раҳбари Сжай Ваньминнинг маълум қилишича, заводнинг йилига 1,2 млн тонна маҳсулот ишлаб чиқарувчи биринчи блоги 2018-2020 йиллари ишга туширилади. Бу босқичда $220 млн инвестиция сарфланади. 2023 йилга келиб ана шунчалик қувватга эга яна битта блок қурилади ва уни барпо этишга $200 млн миқдорида маблағ сарфланади. Заводда М-400, М-500 (оқ ва кулранг) ва М-600 маркаларидаги цемент ишлаб чиқарилади. Корхонада мингдан ортиқ одам ишлайди