Хушхабар! Орол денгизини 7 йил ичида қайта тиклайдиган технология ишлаб чиқилди
(last modified Mon, 10 Dec 2018 11:51:12 GMT )
декабр 10, 2018 16:51 Asia/Tashkent
  • Хушхабар! Орол денгизини 7 йил ичида қайта тиклайдиган технология ишлаб чиқилди
    Хушхабар! Орол денгизини 7 йил ичида қайта тиклайдиган технология ишлаб чиқилди

Ўзбекистонда Орол денгизини тиклаш учун сунъий ёмғир ёғдириш технологияси ишлаб чиқилди.  

Ишлаб чиқилган тизим булутларни генерация қилиш ва кимёвий моддаларсиз сунъий ёмғир ёғдириш имконини беради. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, денгиз қайта тикланиши учун 5-7 йил керак бўлади.

«Биз 60-йиллардаги сув миқдорини қайтарамиз, – деди лойиҳа муаллифи Олимжон Юсупов. – Дунёда бундай технологиялар кўп эмас. Бизнинг технологиямиз анча замонавий, кўчма, барчаси ўзимизда тайёрланади. Тизим атмосферага тўлиқ таъсир қила олади, энг асосийси эса, Оролбўйидаги мувозанатни тиклайди».

Ана шундай битта тажрибавий тизим таннархи 800 млн сўм деб баҳоланмоқда, бу хорижий муқобил технологиялардан бир неча баравар арзондир. Оролни тиклаш учун тўртта ана шундай тизим керак бўлади.

«Техник нуқтаи назардан барчаси тайёр. 2019 йил апрелдан тажрибавий тизимни ишга туширамиз. У Мўйноқ яқинида жойлаштирилади. Синов режимида реал кўрсаткичларни ўлчаймиз. Бизни қониқтирадиган натижага эришгач, тупроғи намликка муҳтож бўлган бошқа ҳудудлар ҳақида бош қотирамиз», деди Юсупов.

Унинг сўзларига кўра, мазкур технология кўплаб мақсадларда қўлланилиши мумкин. У нафақат сунъий булут пайдо қилиш, балки иқлимни туз, зарарли металлардан тозалаш имконини беради, ҳаво намлигини оширади. Аэропортларда ундан туманни тарқатишда фойдаланиш мумкин.

«Мени ёмғирни бошқариш қизиқтириб қўйди. Бу орқали микроиқлимни тиклашимиз осон бўлади. Ҳозир барчасини пухта ҳисоб-китоб қилиш ва олдимизда турган масалаларни ҳал қилиш лозим. Зарур бўлса, олимларни ҳам жалб этамиз», – деди Ўзбекистон президенти ҳузуридаги халқаро Оролбўйи инновация маркази директори Нурлибек Мирзамуратов.