Ўзбекистонда болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлашга ўтилади
(last modified Tue, 11 Dec 2018 16:04:29 GMT )
декабр 11, 2018 21:04 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлашга ўтилади
    Ўзбекистонда болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлашга ўтилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлашга босқичма-босқич ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти туманларида (шаҳарларида) ва Тошкент шаҳри туманларида рўйхат бўйича болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлашни жорий этиш тажриба лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Қуйидагилар болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлашни жорий этиш тажриба лойиҳасини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болалар сирасига кирадиган болаларнинг мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳларини шакллантириш;

болалар тайёрлов гуруҳларининг ўқув-тарбия жараёнига замонавий инновацион педагогик технологияларни, таълим ва тарбиянинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш;

болалар тайёрлов гуруҳларини миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирадиган ва болаликдан китоб ўқишга қизиқишни сингдирадиган ўқув-методик, дидактик материаллар, ривожлантирувчи ўйинлар ва ўйинчоқлар, бадиий адабиётлар билан таъминлаш;

мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болаларнинг илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда давлат талабларига мувофиқ ҳар томонлама ақлий, ахлоқий, эстетик ва жисмоний камол топиши учун шарт-шароитлар яратиш;

давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари, мактабгача таълим соҳасида нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш билан шуғулланувчи юридик шахсларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш. 

Белгиланишича:

мажбурий тайёрлов гуруҳлари учун 2018-2019 ўқув йили 2018 йил 10 декабрдан бошланади ва 2019 йил 10 августда тамомланади;

давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари, мактабгача таълим соҳасида нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг негизида тўлиқ кун, тўлиқ бўлмаган кун (бир ҳафтада камида 15 соат таълим-тарбия жараёни ташкил этилган ҳолда) тайёрлов гуруҳлари тарбияланувчилари бошланғич таълимга тайёргарликдан ўтган деб ҳисобланади ва болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлашдан озод этилади;

давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларида, мактабгача таълим соҳасида нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларда бошланғич таълимга мажбурий йиллик тайёргарликдан ўтган болаларга бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтганлик тўғрисида давлат намунасидаги сертификат берилади;

бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтганлик тўғрисида сертификат бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан белгиланади.

Ёрлиқ