Энди пенсия қандай ҳисобланади?
(last modified Sun, 16 Dec 2018 12:15:48 GMT )
декабр 16, 2018 17:15 Asia/Tashkent
  • Энди пенсия қандай ҳисобланади?

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ агар пенсияга чиққан шахс ишлашда давом этадиган бўлса, унга пенсиянинг ярми тўланар эди. Эндиликда пенсионернинг ишлаётганлиги ёки ишламаёганлигидан қатъий назар пенсияси тўлиқ тўлаб берилади.

Президент фармони билан ўзгартиришлар киритилган пенсия тўғрисидаги қонун нафақага чиқаётган шахсларга кўпроқ пенсия олиш имконини яратди.

Фармонга кўра 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланади.

Маълумки, қонунчиликка мувофиқ шахсга тайинланадиган пенсия миқдори махсус ҳисоб-китоб натижасида белгиланади. Бунда иш стажи ва иш ҳақи баланд бўлган шахсларга тайинланган пенсиянинг катта суммада чиқиши таъминланади.

Лекин ишлаган даврида олинган ойлик ҳар қанча катта бўлмасин, пенсияни ҳисоб китоб қилишда ишлатиладиган сумманинг максимал қиймати белгилаб қўйилган.

Хусусан, Фармон қабул қилингунга қадар ушбу сумма энг кам иш ҳақининг 8 бараварини ташкил қилган. Масалан, шахс ишлаган пайтида айтайлик 2 млн сўм ойлик олган бўлса ҳам пенсияни ҳисоб-китоб қилишда унинг ойлиги 1 млн 621 минг сўм (ҳозирги энг кам иш ҳақи 202 730*8) бўлган деб қабул қилинарди, яъни белгиланган шу суммадан ошмасди.

Эндиликда, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробаригача (ҳозирда 2 млн 27 минг 300 сўм) оширилади.

Бу эса ўз ўзидан пенсияга чиқаётган шахсларга янада кўпроқ пенсия тайинлаш имконини беради, деб хабар берган "Ҳуқуқий ахборот" канали.