Нозима Эргашева: Мен норозилик сифатида ўзимга ўт қўйдим
(last modified Tue, 18 Dec 2018 12:00:50 GMT )
декабр 18, 2018 17:00 Asia/Tashkent
  • Нозима Эргашева: Мен норозилик сифатида ўзимга ўт қўйдим

14 декабрь куни Тошкент вилоят, Қибрай туман ҳокимлиги биносида ўзига ўт қўйган аёл расмийларнинг "ўзини эмас, трибунани ёқмоқчи бўлди", деган даъвосини рад этди.

29 яшар Нозима Эргашеванинг айтишича  у норозилик сифатида ўзига ўт қўйишни аввалдан режалаштириб, ҳокимликка борган ва шу куни арзини қабул қилишмагач, ўзини ёққан.

​“Жума куни эди, соат 11ларда ҳокимликка бордим. Ҳокимнинг ўзи йўқ эди. Зам ҳоким билан, хотин-қизлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосари қабул қилди. Улар арзимни тинглаб, менга ёрдам бериш ўрнига қўполлик қилишди. Кейин "Сизлар барибир халқнинг дардини эшитмайсиз, норозилик сифатида ўзимга ўт қўяман" десам, "Сиз август ойида ҳам шунақа деб ўзингизча бизни қўрқитмоқчи бўлдингиз, деб устимдан кулишди. Кейин ўзимга ўт қўйиб юбордим", дейди Нозима Эргашева.

Нозиманинг айтишича, у ҳокимлик биносида ўзига ўт қўйишни аввалдан режалаштириб борган.

“Сумкамда растворитель солинган баклашка билан зажигалка бор эди. Растворителни олиб, қўлимнинг устидан сепдим ва устидан зажигалкани ёқдим. Қўлим ёнишни бошлагач, растворитель солинган баклашка полга тушиб, линолеум ёна бошлади. Кейин ўша жойга оёғимни қўймоқчи бўлган пайтим зажигалка портлаб кетди ва мен ҳушимни йўқотдим”, дейди Нозима Эргашева.

Нозима Эргашеванинг айтишича, у тез тиббий ёрдам ходимлари келгач, ҳушига келган ва шифохонага боришдан воз кечган.

​“Қўлим биринчи даражада куйган. Уйда иккита болам ёлғиз қолгани учун касалхонага бормайман дедим. Улар ҳам хурсанд бўлиб, уйга олиб келиб қўйишди”,дейди Нозима Эргашева.

Ҳокимлик мулозими Раббанаевнинг иддао қилишича, аёлнинг норозилиги газдан қарздорлиги билан боғлиқ:

- У газга ўз вақтида пул тўламаган. Етти миллион сўм қарзи бўлган. МИБ узиб кетган уни. Ички ишлар бўлими ўзининг сектори бўлгани учун ёқиб берган яна, майли ёрдам қилайлик, деб. У ҳокимиятдан мени қарздорлигимни ёпиб беринглар, деб талаб қилган. Уни касаллигиям бор экан, бошқаси ҳам бор экан. Биз бу воқеа юзасидан ишчи гуруҳ ҳам ташкил қилдик, бориб ўрганиб келдик,-деган Холмурод Раббанаев.

Нозима Эргашеванинг Озодликка айтишича, ҳақиқатан ҳам табиий газдан қарзи 7 миллион 200 минг сўмни ташкил қилади. Айни пайтда Эргашевага кўра, ўша куни у ҳокимликдан моддий ёрдам ҳам сўраб борган.

"Эримнинг ойлиги 600 минг сўм. Икки нафар ёш болам бор. Оиламиз кам таъминланган оилалар рўйхатида. Ўзим саратон касаллигининг учинчи босқичи билан оғрияпман. Даволанишга пулим ҳам, имконим ҳам йўқ. Даволанишга кетсам, болаларимни ташлаб кетишга одам йўқ. Ҳокимликдан ёрдам сўрасам, "Болаларингизни детдомга беринг" деган гапни айтишди", дейди Нозима Эргашева.

Эргашева ҳокимлик томонидан унинг оиласига моддий ёрдам бериб турилиши, бироқ берилаётган ёрдамдан қониқмаслигини айтади.

“Олдинги янги йилда ҳокимият томонидан менга микроволновка берилди. Наврўз байрамига президент совғаси сифатида бир коробка продукта берилди. Мустақиллик байрамига ҳам бир коробка продукта берилди. Лекин президент томонидан кам таъминланганларга аслида кўпроқ совға- салом берилишини эшитганимдан кейин президент порталига шикоят қилдим. Шундан кейин менга халат-лозим беришди”, дейди Нозима Эргашева.