Бош прокуратура бюджет маблағлари талон-тарож қилинишига оид яна бир ҳолатни аниқлади
Корхона мансабдор шахслари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб
Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилояти бошқармаси томонидан “ААА” ДУКда ўтказилган текширишда пудратчи мансабдор шахслари томонидан бюджет маблағлари талон-тарож қилингани аниқланган, деб ёзмоқда ЎзА.
2017 йил февраль-декабрь ойларида Пахтакор туманидаги 6 та зовурларга қуюлувчи иншоотларда шағал тўкиш, дренажлар усти полосасини кўмиш, бошланғич қудуқлар ўрнатиш, кузатув қудуғи сирти, бошланғич қудуқлар сиртини изоляция қилиш, атрофини тупроқ билан кўмиш, лотокларни алмаштириш ҳамда қўл кучи ёрдамида бажариладиган ишлар бўйича жами 2 миллиард 490 миллион 228 минг сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилганлиги ҳақида ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Ўрганишлар натижасида ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 70 миллион 658 минг 400 сўмлик ишлар қўшиб ёзилгани, расмий ҳужжатлар сохталаштирилиб буюртмачига тақдим қилингани маълум бўлди.
Бундан ташқари, корхона мансабдор шахслари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, 2017 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 183-моддасига асосан интизомий жазо қўлланилган ходимларга жами 11 та ҳолатда 8 миллион 990 минг сўм рағбатлантириш пуллари тўлаб бериб, бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилган.
Корхона мансабдор шахслари ўзларининг мансабига совуққонлик билан қараб, вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлган. Дебитор қарздорликларни ўз муддатида ундириш чоралари кўрилмагани натижасида 01.12.2018 йил ҳолатига корхонанинг 193 миллион 886 минг 400 сўм муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Инспекциянинг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан “ААА” ДУК мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориш учун вилоят прокуратурасига юборилган.